Озарбайжон Қорабоғга кенг кўламли ҳужумни бошлади. Эрон Баку ва Ереванни огоҳлантирди
Олам
−
06 Октябрь 2020
19856Арманистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бугун, 6 октябрь куни тушдан кейин Озарбайжон Қуролли Кучлари томонидан Тоғли Қорабоғнинг жанубида кенг кўламли ҳужум бошланганини эълон қилди.
“Арцах Мудофаа армиясининг (тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси – таҳр.) маълумотларига кўра, тушдан кейин душман қуролли кучлари захира кучлари, кўплаб ҳарбий техника, шу жумладан танклар ва артиллерия воситаларидан фойдаланган ҳолда, алоқа чизиғининг жанубий йўналишида кенг кўламли ҳужумни бошлади. Душман қўшни Эрон ҳудуди хавфсизлигини ҳам эътиборсиз қолдирмоқда”, деб ёзган Арманистон Мудофаа вазирлиги Матбуот котиби Шушан Степанян ўзининг Facebook саҳифасида.
Арманистон Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Озарбайжон Қуролли Кучлари “Туркия ташқи ишлар вазирининг Бакуга ташрифи чоғида ва ЕХҲТга ҳамраислик қилаётган мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирлари томонидан ўт очишни тўхтатиш муҳимлиги тўғрисидаги баёноти эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач” ҳужумларни бошлаган.
Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар қўшни Эронга ҳам таъсир қилмай қолмади. Эрон Мудофаа вазириАмир Хотами Озарбайжон ва Арманистонни бирор снаряд ўз ҳудудига тушса, оддий огоҳлантиришдан кўра жиддийроқ чора кўрилишини маълум қилди.
“Фуқароларимиз ҳаёти ва Эроннинг муқаддас ерларининг хавфсизлиги фавқулодда муҳим масала. Снарядлар лоқайдлик сабаб бизнинг ерларимизга тушишига зинҳор йўл қўйиб бўлмайди. Тоғли Қорабоғда курашаётганлар яна шундай хатоликка йўл қўйса, Эрон нисбатан кенг чораларни амалга оширади”, деган Хотами.
Кеча, 5 октябрь куни “Tasnim” агентлиги Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий тўқнашувлар вақтида учирилган бир қанча снаряд Эрон ҳудудига тушганини маълум қилганди. Снаряд чегара ҳудудидаги Хода-Афарин аҳоли пункти яқинига тушган ва натижада 6 яшар бола жабрланган. Шунингдек, бир қанча уй ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига зарар етган.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.