ОТМдаги билим билан магистратурага кириб бўлмайди, ЎзДЖТУ эса мени қониқтирмайди – Тошқулов
Интервью
−
16 Июнь 2022
11346Жаҳон тиллари университети бугунги кунда хорижий тилларни ўргатишда мамлакатда таянч университет вазифасини ўтай олмаяпти. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов QALAMPIR.UZʼга маълум қилди.
“Бугун мендаги маълумотга кўра, Жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчиларининг 60 фоизи C1, C2 даражага эга. Илмий салоҳияти ҳам кўтарилиб боряпти. Таянчлик вазифасини бажара оляптими, йўқми деган масалага келсак, ҳозир водий вилоятларида, яъни Наманган ва Андижонда иккита чет тиллари институтлари очилди. Мен Самарқанд давлат чет тиллари институтининг натижалари ва кўрсаткичларини Жаҳон тилларидан кам, деб ҳисобламайман. Жаҳон тиллари университети сиз ва биз хоҳлаганчалик таянч вазифасини бажара олмаяпти. Лекин, ўзгаришлар бор. Сертификат олиш, илмий салоҳиятни кўтариш бўйича ҳаракат жуда катта”, дейди вазир.
Хабарингиз бор, 2022-2023 йилдан магистратура босқичига ҳужжат топшириш учун чет тилини билиш бўйича сертификат талаб қилиниши белгиланди. Хўш, талаба репетиторга фалон пул тўлаб ўқимасдан, университетдаги инглиз тили фанидан орттирган 4 йиллик билимлари билан ҳам IELTS сертификатини олиб, магистратурага кириши мумкинми? Тошқулов бу саволга қуйидагича жавоб берди.
“Йўқ, мумкин эмас. Сабаби, биринчидан чет тилидан соатлар жуда кам. Иккинчидан, ҳозир таянч Олий таълим муассасасидан сиз-у бизнинг кўнглимиз тўлмай турибди. Қўшимча, мустақил ўқимаса, у билими билан кира олмаслигининг исботи — ўтган йили чет тилидан имтиҳон топширишни Давлат тест марказида ўтказдик. Кўрсаткичлар жуда паст, жуда”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, эндиликда давлат олийгоҳлари магистратурасига киришда мутахассислик фанидан имтиҳон бўлмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган
Қарорга кўра, давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь