Орзуга айб йўқ! Қирғизистон дунё тартибини ўз қўлига олмоқчи
Олам
−
20 Сентябрь 2023
19456Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2027-2028 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаров Нью-Йоркда (АҚШ) БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий муҳокамасида сўз очди.
Унинг гапларига қараганда, ҳозирги хавф ва таҳдидларни ҳал этишда муваффақият қозониш учун самарали халқаро хавфсизлик тизимини барпо этиш зарур.
“Ушбу механизмнинг асосий элементи БМТ Хавфсизлик Кенгашидир. Бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ бўлиб, ушбу органни янада адолатли ва ваколатли қилиш, қарорлар қабул қилишда консенсусга эришиш қобилиятини ривожлантириш учун унинг фаолияти самарадорлигини ошириш зарур”, дейди Садир Жапаров.
У БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш бўйича музокараларда тараққиётни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Жапаровга кўра, Қирғизистон самарали тинчлик ўрнатиш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва тинчлик жараёнларида аёлларнинг тенг иштироки, ривожланаётган, кичик, кам ривожланган ва кичик орол мамлакатлари манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш орқали тинчлик ва хавфсизликни сақлашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдиради.
Садир Жапаров давлатлар ўртасидаги муносабатларда ишонч, ҳамжиҳатлик, универсаллик каби тамойилларга амал қилиш зарурлигини билдирди.
“Шундагина биз биргаликда глобал ва минтақавий хавфсизлик архитектурасини тиклай оламиз”, дейди у.
Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш бўйича чақириқлар БМТ Бош Ассамблеясида биринчи марта янграётгани йўқ. Бироқ, Марказий Осиё мамлакатлари бундай таклиф билан чиқмаган. Аъзолик масаласи бу тарзда аниқ таклиф билан киритилмаган.
Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ҳақида анъанага кўра, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған гапириб келади. У бу сафар ҳам Бош Ассамблеянинг 78-сессияси умумий сиёсий баҳсларида яна жаҳон ташкилотини Хавфсизлик кенгаши таркибини кенгайтиришга чақирди.
Шунингдек, сессияда Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц-Мусар, Япония Бош вазири Фумио Кисида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий ва доимий бўлмаган аъзолари сонини ошириш кераклигини билдирди. Жазоир Президенти Абдулмажид Теббун эса Фаластин давлатини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий аъзоси сифатида тан олиниши тарафдори ва бу масала бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус сессияси ўтказилиши кераклигини айтди.
Хавфсизлик кенгаши
Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олади. Хавфсизлик Кенгаши БМТнинг ўн беш аъзосидан иборат. Ҳар бир аъзо битта овозга эга. Ташкилот аъзолари ушбу Низомга мувофиқ Хавфсизлик Кенгаши қарорларига бўйсуниш ва уларни бажаришга рози бўладилар.
Хавфсизлик Кенгаши тинчликка таҳдид ёки босқинчилик ҳаракати мавжудлигини аниқлашда этакчи роль ўйнайди. У низо томонларини уни тинч йўл билан ҳал қилишга ундайди ва ҳал қилиш усулларини ёки ҳал қилиш шартларини тавсия қилади. Баъзи ҳолларда Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ёки тиклаш учун санкциялар қўллаши ёки ҳатто куч ишлатишга рухсат бериши мумкин.
АҚШ, Россия, Буюк Британия, Хитой ва Франция унинг доимий аъзоси ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь