Она-бола ва 19 ёшли наркосавдогарлар катта миқдордаги наркотик билан қўлга тушди

3-саҳифа

image

Россия, Тожикистон ва Афғонистондан олиб келинган 80 килограммга яқин наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Қайд қилинишича, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида Тожикистондан 20 килограмм 374 грамм афюн ва 41 килограмм 668 грамм “гашиш”ни контрабанда йўли билан олиб кираётган 2005 ва 2006 йилда туғилган фуқаролар қўлга олинган. 

Тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг шериги бўлган, 2004 йилда туғилган йигит ҳамда гиёҳвандлик моддаларининг буюртмачиси, Денов туманида яшовчи 2000 йилда туғилган шахс ҳам ушланган.

Тошкент вилоятида ўтказилган операция давомида Қозоғистон орқали келган, Фарғонанинг Тошлоқ туманида 1991 йилда туғилган фуқаронинг юклари текширилган. Оқибатда мармар плитага яширилган 7 килограмм 902 грамм “Мефедрон” наркотик моддаси аниқланган. Суриштирувда маълум бўлишича, у гиёҳвандлик моддаларини Москвада Telegram-бот орқали номаълум шахсдан олиб, Ўзбекистонга олиб келиши керак бўлган. Кейинги босқичда Бекобод туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган буюртмачи ҳам қўлга олинган. 

Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган тезкор-қидирув ишлари давомида афғон наркосавдогарларидан гиёҳвандлик моддаларини олиб, ички бозорда сотишга уринган шахсларнинг фаолияти фош этилган. Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1964 йилда туғилган аёл ва унинг 1993 йилда туғилган, илгари ҳам наркотрафикка алоқадор жиноят содир этган ўғли қўлга олинган. Уларнинг ёнидан 5 килограмм 878 грамм “опий” ва 3 килограмм 922 грамм “гашиш” ашёвий далил сифатида олинган.

Умуман, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида хориждан олиб кирилган 79 килограмм 744 грамм наркотик модда мусодара қилинган.

Ҳозирда барча гумондорларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Билдирилишича, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё, Фарғона, Наманган ва Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда 22 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон гашиш наркотик Мефедрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг