“Оmicron”. Янги штамм Европанинг яна бир давлатига кириб борди

Олам

image

Грецияда коронавируснинг “omicron” штамми билан касалланишнинг биринчи ҳолати аниқланди, бемор енгил аломатлар билан карантинда  қолмоқда. Бу ҳақда EODY миллий соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари, педиатрия профессори Теоклис Заутис маълум қилган.  

“Бугун эрталаб коронавируснинг “omicron” штаммини юқтиришнинг биринчи ҳолати тасдиқланди. Бу юртдошимиз 26 ноябрь куни эрталаб Грецияга етиб келган. Аэропортда экспресс тест ўтказилган, натижаси манфий бўлган. Эртаси куни унда енгил аломатлар кузатилган. Унда ҳар куни экспресс тест ўтказилган ва натижа манфий бўлган, 29 ноябрь куни экспресс тест мусбат чиққан ва ПЗР тести ўтказилган. “Оmicron” штаммига шубҳа билан боғлиқ ҳолда, биз тадқиқот ўтказдик”, деган Заутис ва бугун, 2 декабрь куни эрталаб штамм тасдиқланганини қўшимча қилган.

Унинг сўзларига кўра, бемор ўзи билан алоқада бўлган барча билан бирга карантинда. 

“Биз барча алоқаларни кузатдик, уларнинг барчасини синовдан ўтказдик, ҳозирда уларнинг барчасида натижа манфий”, деган Заутис. 

Соғлиқни сақлаш вазири Танос Плевриснинг айтишича, бемор Жанубий Африкадан келган. Заутиснинг фикрига кўра, янги штамм бўйича бир қанча саволлар бор. 

“Биринчидан, юқумлилик даражаси. Ҳозир биз билмаймиз. Жанубий Африкадаги маълумотларга кўра, у “дельта” каби бошқа штаммларга қараганда юқумли эмас. Иккинчи савол касалликнинг кечиши ҳақида ва бу ерда ҳам биз кўп нарса билмаймиз. Жанубий Африкадаги шифокорлар симптомларни жуда енгил деб таърифлайди. Охирги савол ва энг муҳими — мавжуд дорилар вирусни даволайдими”, деган Заутис. 

Унинг сўзларига кўра, вакциналар янги штаммга қарши самарали бўлиб кўринади, шунинг учун ҳамма эмлашга даъват этилади. 

Маълумот ўрнида, ЖССТ фавқулодда йиғилишдан сўнг Жанубий Африкада аниқланган коронавируснинг янги вариантини ташвишга соладиган деб таснифлашга қарор қилган эди. Янги штамм — B.1.1.529 ЖССТ томонидан юнонча “омикрон” ҳарфи билан номланди. Янги штамм нафақат Африканинг жанубида, балки Бельгия, Италия, Германия, Швейцария, Канада, Нидерландия, Австралия, Буюк Британия, Саудия Арабистони, АҚШ, БАА ва бошқа мамлакатларда ҳам аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Греция коронавирус омикрон

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг