Олмалиқда том остида қолган ҳиндистонлик ишчилар операция қилинди
Жамият
−
21 Февраль
6580Кеча, 20 февраль куни Олмалиқда “Enter Engineering” компаниясининг металл тайёрлаш цехидаги вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаши оқибатида жароҳатланган ишчилар операция қилинди. Бу ҳақда Олмалиқ кон-металлургия комбинати хабар берди.
“Бахтсиз ҳодиса туфайли жами 30 нафар ҳиндистонлик ишчи-ходимлар жабрланган эди. Уларнинг 3 нафари воқеа жойида вафот этишган бўлиб, 27 нафарига зудлик билан тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилган”, дейилади хабарда.
Шулардан тўрт нафар кишига Оҳангарон тумани шошилинч тиббий марказида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилиб, тез ёрдам кўрсатилган ва аҳволлари яхши бўлгани учун шифохонадан жавоб берилган.
Қолган 23 нафар жабрланганларга эса Олмалиқ шаҳар шошилинч тиббий марказида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилган.
“Ўзбекистон Республикаси Ихтисослаштирилган шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари ёрдамида беморларнинг 6 нафарида жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди. Бугунги кунда 6 нафар жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморлар Республика Ихтисослаштирилган шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида муолажаларни давом эттиряпти, аҳволлари қониқарли”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, қолган 17 нафар жабрланувчиларга Олмалиқ шаҳар шошилинч тиббий марказда тиббий ёрдам кўрсатиляпти, аҳволлари ўрта ва енгил ҳолатда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг қайд этишича, жабрланганларнинг барчасига алоҳида шифокор бириктирилган, сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
“Ҳиндистонлик жабрланган ишчи-ходимлар учун тезкор тиббий ёрдам ташкил этиш ишларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика илмий марказ раҳбарлари жалб этилган. Олмалиқ кон-металлургия комбинати масъуллари ҳам жабрланганлар ҳолидан мунтазам хабар олиб турибди”, дейилади баёнотди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
LiveБарчаси