Олмалиқда рухсатсиз ширинлик егани учун 8 ёшли боласининг қўлларини ёққан аёл қамалди
3-саҳифа
−
24 Апрель 4781 2 дақиқа
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида уйдаги ширинликни рухсатсиз еган 8 ёшли боласининг қўл ва оёқ бармоқларига пахта тиқиб ёққан аёл 2 йилга қамалди. Бу ҳақда “Миллар” хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳри судининг ҳукми билан аёл Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” бандида (вояга етмаган шахсни қийнаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланган.
Маълумот учун, ҳолат 2024 йил 30 октябрь куни содир бўлган. 1991 йилда туғилган X.A. исмли аёл 8 ёшли ўғли Б.А.ни уйдаги ширинликларни рухсатсиз егани сабабли бармоқлари ораси ва бошқа тана аъзоларига пахта тиқиб ёққан. Оқибатда боланинг танасида 1 ва 2-даражадаги куйиш юзага келиб, у енгил тан жароҳати олган. Боланинг куйиш жароҳатларини мактабдаги ўқитувчилари пайқаб қолган. Бола бу ишни онаси қилганини айтиб берган. Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан Х.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва яширингани туфайли унга қидирув эълон қилинганди. Жорий йилнинг 7 февраль куни X.A. процессуал тартибда ушланиб, унга тегишли суд ажрими асосида қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида онаси томонидан аёвсиз калтакланган 4 ёшли қиз вафот этгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан марҳума қизнинг онасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Live
Барчаси