Олий маълумотли ҳамшира ва тиббиёт оғаларига устама тўланади
Local
−
11:09 408 1 minute
Ўзбекистонда олий маълумотли ҳамшира ва тиббиёт оғаларига устама тўланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирилиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат тиббиёт университети таркибидаги Ҳамширалар академияси негизида дунёнинг Топ (1-ўрин) ҳамширалик мактабига эга бўлган Пенсилвания университети (АҚШ) билан ҳамкорликда Илғор тиббий ҳамроҳлик мактаби ташкил этилади.
“Олий ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналиши “Олий тиббий ҳамроҳлик иши” йўналишига ўзгартирилиб, битирувчи аёлларга “ҳамшира”, эркакларга эса “тиббиёт оғаси” квалификацияси берилади.
Бакалавриатга қабул ҳар йили камида 20 фоизга ошириб борилади, таълим эса етакчи хорижий ОТМлари билан қўшма дастурлар асосида, уларнинг ўқув дастурларининг камида 70 фоизини ўзлаштирган ҳолда ташкил этилади.
Бакалавриатни тамомлаган ҳамшира ва тиббиёт оғаларига ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари, магистратурани тамомлаганларга эса 2 баравари миқдорида устама тўланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларида 2027/2028 ўқув йилидан “Даволаш иши” йўналиши ўрнига 6 йиллик “Умумий тиббиёт” бакалавриат дастурини жорий этиш таклиф қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантириш режалаштирилмоқда.
Live
All