Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари махсус тизимда рўйхатдан ўтказилади

Local

image

Ўзбекистонда барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади. Бу ҳақда бугун, 4 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими жорий этилади.

Шунингдек, барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беради.

Давлат рўйхатидан ўтишни 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш таклиф қилинмоқда. Кейинчалик давлат рўйхатидан ўтмаган мутахассис тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Баҳолаш босқичма-босқич – фундаментал ва клиник фанлар, кейин эса мутахассислик бўйича амалга оширилади. Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар банки, замонавий симуляцион базалар ташкил этилади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга қайта топшириш имконияти берилади.

Янги тизимга ихтиёрий равишда эртароқ кирган ходимларни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига 2,5 бараваригача устама тўлаш таклиф этилган.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ва мутахассислар малакасини баҳолаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида марказ фаолияти йўлга қўйилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends