Олимпиаданинг бешинчи куни ўзбекистонлик спортчилар қандай натижа қайд этди?

Спорт

image

Олимпия ўйинларининг 5-кунида дзюдо бўйича Жаҳон чемпионати совриндори Давлат Бобоновнинг ғалабаси эвазига Ўзбекистон делегацияси ҳисоби бронза медаль билан бойиди. Бокс баҳсларида эса, ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хато сабабли Жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов мусобақани тарк этди.

Дзюдо: 2020 йил Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси номига сазовор бўлган дзюдочи Давлат Бобонов Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон делегациясига иккинчи медални тақдим қилди.

- 90 кг вазн тоифасида курашган спортчи ушбу босқичда туркиялик Михаэл Зганкка қарши татамига чиқди. Ғалабага бўлган иштиёқ ва шижоат Бобоновни медаль сари етаклади. Унинг ижросидаги усул “иппон” (ҳалол баҳоси) билан баҳоланди ва ушбу ғалаба Бобоновнинг совринлари жамғармасига Олимпиада медалини ҳам қўшиб қўйди.

Токио Олимпиадасининг 5-кун баҳсларига старт берилди. Ўзбекистон спортчиларининг бугунги иштирокини -70 кг вазндаги дзюдочи Гулноза Матниёзова бошлаб берди. У илк босқичда Чад Республикаси вакили Демос Мемнелумни бир неча сония ичида мағлубиятга учратди.

Бироқ, иккинчи беллашув кутилганидек, Матниёзова учун қийин ўтди. Спортчи жорий йил Венгрияда ўтказилган жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори, икки карра Европа чемпиони, “Мастерс”, “Катта Дубулға”, Гран-при турнирлари ғолиб ва совриндори, нидерландиялик Санне Ван Дижкега имкониятни бой бериб қўйди ва Олимпиададаги иштирокини якунлади.

Бокс: Бокс бўйича -57 кг вазн тоифасида Осиё ва Жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов Токио Олимпиадасининг илк даврасида мағлубиятга учради. У Европа чемпиони ҳисобланган ирландиялик Энтони Уолкерга қарши рингга кўтарилиб, ҳакамларнинг қарорига кўра имкониятни бой берди. 

Мирзаҳалилов баҳс давомида катта устунликка эришганига қарамай, дастлабки икки раунд Уолкер фойдасига “ҳал қилинди”, жангни эса фақатгина нокаут эвазига қутқариб қолиш мумкин бўлиб қолди. Бироқ рефери, ҳатто, нокдаун ҳолатини ҳам қайд этмади. Табиийки, сўнгги раунд фақатгина расмиятчиликка айланиб қолди ва Ўзбекистон делегацияси потенциал олтин медалдан маҳрум бўлди.

Бокс бўйича -81 кг вазн тоифасида Токио Олимпиадасида иштирок этаётган Дилшодбек Рўзметов нимчорак финалда имкониятни бой берди. 

Хоразмлик боксчи асли келиб чиқиши кубалик бўлган Озарбайжон вакили Альфонсо Домингесга қарши рингга чиқди ва 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Осиё чемпиони ва Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби ҳисобланган хоразмлик боксчи шу тариқа Олимпиада билан хайрлашди.

Маълумот ўрнида, 25 июль куни ўтказилган -68 кг вазн тоифасидаги таэквондо баҳсларида Улуғбек Рашидов Олимпиада чемпионлигини қўлга киритган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дзюдо Бокс Токио-2020 Миразизбек Мирзаҳалилов Давлат Бобонов Бронза медаль

Баҳолаганлар

358

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг