Олимлар илк бор икки одамни тушида “гаплаштирди”
Олам
−
13 Октябрь
27111АҚШнинг Калифорния штатида REMspace стартапи тадқиқотчилари биринчи марта тушда икки киши ўртасида алоқа ўрнатишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бу технология уйқуни яхшилаш ва онгли тушларни (яъни, туш давомида инсон ўзининг туш кўраётганлигини англайдиган ҳолат) ривожлантириш мақсадида яратилган. Тажриба қатнашчилари ҳар хил жойларда уйқуга кетган пайтда, тадқиқотчилар уларнинг ўртасида махсус яратилган “тил” орқали сўз узатишга муваффақ бўлган.
REMspace компанияси бунинг учун махсус ишлаб чиқилган ускуналардан фойдаланган, жумладан, сервер, ускуна, Wi-Fi ва сенсорлар. Лекин улар ўзлари қўллаган аниқ технологиялар ҳақида маълумот бермаган.
“Кечаги кунгача тушлар орқали мулоқот қилиш фантастика эди. Эртага эса бу одатий ҳолга айланиб, ундан ҳаётимизда фойдаланмаганимизни тасаввур ҳам қила олмаймиз”, дейди компания асосчиси ва бош ижрочи директори Майкл Радуга.
Агар ушбу технология тасдиқланса, бу уйқу тадқиқотларидаги катта ютуқ бўлиши ва руҳий саломатликни яхшилаш, кўникмаларни ривожлантириш каби соҳаларда қўлланилиши мумкин.
Қайд этилишича, онгли тушлар бу инсон туш кўраётганини тушида англаб турган ҳолат бўлиб, у тушда ўзи истаган ҳаракатларни амалга ошириш имконига эга бўлади. REMspace эксперимент давомида иштирокчиларнинг мия фаолияти ва бошқа биологик маълумотларини кузатиш учун махсус ускуналардан фойдаланган.
Иштирокчилар уйқуга кетган вақтда уларнинг мия фаолияти масофадан кузатилиб, маълумотлар серверга узатилган. Бир иштирокчи онгли туш ҳолатига кирган пайтда, сервер махсус яратилган “тил”дан тасодифий сўзларни танлаб, уни эшиттириш қурилмалари орқали узатган. Иккинчи иштирокчи тушга “кирганида”, аввалги иштирокчи томонидан қайтарилган хабар унга узатилган ва у уйғонгандан кейин бу хабарни такрорлаган.
Компания ушбу тажрибани бошқа иштирокчилар билан ҳам муваффақиятли такрорлаганини айтмоқда, лекин технологияни тасдиқлаш учун янада кўпроқ одам билан текшириш зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NHSBT Халқаро қон гуруҳи референт лабораторияси ва Бристоль университети олимлари MAL деб номланган янги қон гуруҳи тизимини кашф қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь