Қора туйнукка оид ғайриоддий назария илгари сурилди

Interesting

−

image

Олимлар айрим назарий шароитларда қора туйнук икки қисмга бўлиниши мумкинлигини ҳисоблаб чиқди. Бироқ бундай жараён одатий физика қонунлари доирасида деярли имконсиз ҳисобланади. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.

Қора туйнуклар одатда бир-бири билан қўшилиб, йирикроқ қора туйнукни ҳосил қилади. Бундай ҳодисалар гравитацион тўлқинларни қайд этувчи обсерваториялар томонидан мунтазам кузатилади. Аммо битта қора туйнукнинг иккига ажралиши термодинамиканинг иккинчи қонуни билан боғлиқ чекловларга дуч келади.

Қора туйнук энтропияси унинг ҳодисалар горизонти майдонига мутаносиб. Одатий шароитда қора туйнук иккига бўлинса, уларнинг умумий горизонти майдони камаяди. Бу эса энтропиянинг ортиши кераклиги ҳақидаги қонунга зид келади.

Тадқиқотчилар айланиш тезлиги назарий чегарага яқин бўлган қора туйнукларни ўрганиб, бўлиниш учун қандай шароитлар зарурлигини ҳисоблаган. Улар энтропиянинг ортиши, бўлакларнинг бир-биридан узоқлашиш тезлиги ва асосий қисмнинг тортиш кучидан қочиб кетиш учун етарли энергия мавжудлигини текширган.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатганки, кўп ҳолларда қора туйнукдан ажралган бўлак унинг тортиш кучидан қочиб кета олмайди ва яна орқага қайтиб тушади. Учта шартни бир вақтнинг ўзида бажариш фақат айланиш тезлиги назарий максимумга жуда яқин бўлган қора туйнуклар учун мумкин бўлган. Бунда ҳам Планк массасидан енгил бўлакларгина қайта тортилиб кетишидан олдин буғланиб улгуриши мумкинлиги ҳисобланган.

Олимлар қўшимча фазовий ўлчамлар мавжуд бўлган назарияларни ҳам кўриб чиққан. Бундай назарияларда узун қора туйнуксимон тузилмаларнинг бир нечта қисмга ажралиши математик ҳисоб-китоблар орқали кўрсатилган. Бироқ қўшимча ўлчамлар мавжудлиги ҳозирча тажрибада тасдиқланмаган.

Тадқиқот муаллифлари қора туйнукнинг бўлиниши мумкинлигини кўрсатувчи айрим назарий сценарийларни аниқлаган бўлса-да, бу жараён амалда содир бўлишини исботламаган. Уларнинг фикрича, дастлабки коинотда пайдо бўлган қора туйнуклар бундай жараёнларга юлдузлар ҳалокати натижасида ҳосил бўлган қора туйнукларга нисбатан мойилроқ бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Жеймс Уэбб” (JWST) телескопи ўта улкан қора туйнукни аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends