Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов кутубхонаси очилди
Жамият
−
31 Август 2022
9465Пойтахт Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасига бағишланган “Хотира ҳафталиги”нинг ўз ишини бошлади.
Ҳафталик доирасида Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова, ёзувчи ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Кутубхонада Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг асарларидан ташқари, тарихчи, файласуф, сиёсатшунос олимларнинг Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятига оид қўлёзмалари, бадиий адабиётлар, илмий нашрлар кенг жамоатчиликка тақдим этилган.
Ўтган вақт давомида кутубхонани техник ва технологик жиҳатдан жиҳозлаш, китоблар фондини янада бойитиш, китобхонларга халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишлар бажарилган. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши асносида мутлақо янги қиёфадаги замонавий, автоматлаштирилган кутубхонани шакллантиришга эришилган.
Очилиш маросимида Татьяна Каримова мазкур кутубхона Президент Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президент хотирасига нисбатан ҳурмати ва эътиборининг ёрқин намунаси эканлигини алоҳида таъкидлаб, Ислом Каримов бошлаб берган йўлда собитқадам бўлиб, “Янги Ўзбекистон” тарихини яратиш, мамлакатнинг илмий-маърифий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларга, хусусан, республика кутубхоначиларига муваффақиятлар тилади. Биринчи Президент Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг очилиши билан самимий муборакбод этди.
Очилиш маросимида “Олтин мерос” халқаро хайрия фонди раиси Амирқул Каримовнинг “Истиқлол тарихидан лавҳалар” китоби ҳамда ЎзФА фундаментал кутубхонасининг директори Зуҳра Бердиева томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов биобиблиографияси” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Кутубхонадан 70 мингга яқин китоб жой олган. Уларнинг 500 дан ортиғи Татьяна Каримова томонидан тақдим этилган. Ушбу китоблар Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонасидаги асарлар.
Зиё масканидан жой олган китобларнинг 1000 дан ортиғи Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёзилган асарлар бўлиб, яна 1000 дан зиёди XIX-XX асрга оид ноёб адабиётлардир.