Нукусда ўқдан қолган гильзалар топилгани айтилмоқда. Миллий гвардия вазиятга изоҳ берди
Жамият
−
11 Июль 2022
14839Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтган ҳудудлардан ўқ отар қуроллардан отилган гильзалар топилгани акс этган видеотасвирлар тарқалди. Унда гильзалар “тинч намойишлар чоғида, тинч аҳолини ўлдирган ўқ дорилардан қолгани” айтилган.
Ўзбекистон Миллий гвардияси мазкур хабарларга муносабат билдириб, бу видеотасвирда ҳеч қандай ўлганлар кўрсатилмаганига эътибор қаратган.
“Шу сабабли биз бу хабарлар ёлғон эканлигини маълум қиламиз. Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Миллий гвардия вакиллари ҳақиқий ўқ-дорилар қачон ишлатилиши ҳақида аниқ жавоб беришди, аммо бу ерда улар ишлатилмади”, дейилади хабарда.
МГга кўра, оломонни тарқатиш ва тартибсизликларни бостириш учун фақат махсус воситалар – ёруғлик, шовқин ва тутун ишлатилган.
“Аниқлик киритиб ўтамизки, пиротехника воситалари билан тўлдирилган патронларнинг ўқлари махсус 4 ўқли қўшимчали Калашников автоматдан отилади. Албатта бундай махсус воситаларни қўллаш учун автоматга пахтовон ўқлар жойланади. Оломонни тарқатиш учун ишлатилган бу каби махсус воситалар қолдиқларини топиб олган айрим фуқаролар провокацион рухдаги видеохабарларни ижтимоий тармоқларда тарқатишни мақсад қилишган. Бироқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг бундай вазиятларда қуроллардан фойдаланиши учун қонуний асослари мавжуд”, дейилади Миллий гвардия хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси