Норвегия 70 йиллик сиёсатни бекор қилиб, Украинага қурол жўнатади 

Олам

image

Норвегия ҳукумати Россия агрессиясидан ҳимояланиши учун Украинага қурол жўнатади. Гап 2 минг дона М72 танкга қарши снаряди ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда Норвегия ҳукуматининг баёнотида айтилади.  

Бу қарор Норвегиянинг 1950-йиллардан бери амалда бўлган, уруш ҳолатида ёки қуролли тўқнашув хавфи остидаги НАТОга аъзо бўлмаган мамлакатларга қурол етказиб бермаслик сиёсатини бекор қилади. 

“Норвегия ҳарбий техника экспорти бўйича қатъий сиёсат юритади, бироқ Украина ҳозир фавқулодда вазиятларга дуч келмоқда”, деган Бош вазир Йонас Гар Стере. 

Шунингдек, Канада Украинани танкга қарши қуроллар ва янгиланган ўқ-дорилар билан таъминлайди ва Россия хом нефтининг импортини тақиқлайди. Бу ҳақда Канада Бош вазири Жастин Трюдо маълум қилган. 

Унинг сўзларига кўра, Канада Украинанинг рус қўшинларидан қаҳрамонона мудофаасини қўллаб-қувватлашда давом этади. 

“Биз Россиядан хом нефть импортини тўлиқ тақиқлаш ниятимиз борлигини эълон қиламиз – бу саноат Президент Путин ва унинг олигархларига катта фойда келтирган”, деган Трюдо. 

Ўз навбатида, мамлакат Мудофаа вазири Анита Ананд Канада яқин орада Украинага 100 та Carl Gustaf танкга қарши комплекси ва 2 мингта ракета жўнатишини айтган.

Канада аллақачон Украинага қурол-яроғлар юборган ва бир қатор санкцияларни, жумладан, Россияни SWIFT халқаро банк тўлов тизимидан чиқариб ташлашни қўллаб-қувватлаган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг