Норов дунёни афғон фожиаси ортидан келадиган таҳдидлардан огоҳлантирди

Жамият 10383
image

Сўнгги вақтларда дунёда рўй бераётган жараёнлар, хусусан, Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабаб Афғонистон муаммосига халқаро ҳамжамиятнинг эътибори сусайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида гапириб ўтган. 

“Афсуски, дунёда юз бераётган сўнгги воқеалар туфайли халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонга бўлган эътибори бироз сусайди”, дейди вазир. 

Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг ШҲТ маконидаги ўзаро боғлиқлик стратегияси Афғонистоннинг бутун Евроосиё учун ноёб иқтисодий ва транзит ролини тиклашга ҳам хизмат қилади.

“Афғонистон минтақада узоқ муддатли хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг асосий омили эканлигига шубҳа йўқ. Афсуски, дунёда юз бераётган сўнгги воқеалар туфайли халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонга бўлган эътибори бироз сусайди. Афғон халқининг фожиаси, агар улар гуманитар фалокат билан ёлғиз қолса, қочқинларнинг янги оқимлари, гиёҳванд моддалар таҳдидининг кўпайиши ва терроризмнинг кучайишига олиб келиши мумкин”, дейди Норов.

Ўзбекистон ташқи дипломатия етакчисининг урғулашича, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг бирон-бир давлати Евроосиё марказида беқарорлик ўчоғининг янада ривожланишидан ва Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатлар хавфсизлигига келиб чиқадиган таҳдиддан манфаатдор эмас. 

“Бугунги воқелик ташкилотимиздан янада аниқ ҳаракатларни амалга оширишни ва Афғонистонни минтақавий ташаббусларга, шу жумладан, инфратузилма лойиҳаларига жалб қилишни талаб қилади.

Шу боис ШҲТ доирасида Афғонистоннинг урушдан кейинги ривожланиш стратегиясига доир консолидациялашган ёндошувларни ишлаб чиқиш, табиийки, мамлакатимизнинг ташкилотга раислигидаги асосий устувор йўналишлардан биридир”, дейди Норов. 

Афғонлараро мулоқот

Маълумот ўрнида, Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тинчлик музокаралари 2020 йил 12 сентябрда Қатар пойтахти Доҳада бошланди.

Афғонлараро музокараларнинг бошланиши, Ҳукумат ва "Толибон"нинг музокара столига келишида Ўзбекистон, хусусан Президент Мирзиёевнинг иштироки катта. Мирзиёев иқтидорга келган илк кунларданоқ дунё ҳамжамияти олдига афғон муаммосини яна кўндаланг қўйди. У 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканини таъкидлади. 

2018 йил 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

2020 йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди. Бу Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаёт учун қўйилган яна бир улкан қадам, дейиш мумкин. Ўзбекистон 40 йилдан зиёд вақт давомида Афғонистонда давом этаётган уруш, нотинчлик ва ўзаро муаммоларни афғон халқининг ўзи ўз иродаси билан ҳал этиши тарафдори. 

2020 йилнинг 29 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида яна афғон муаммосига тўхталиб, шундай деган эди:

"Биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз".

Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшнинг тинч – сен тинч деган азалий қадриятга асосланган ислоҳотлари натижасида афғон муаммосини ҳал этишда олдинга силжиш кузатилди. Бунинг самарасини 2020 йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганида ҳам кўриш мумкин. Сулҳда АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди. 

2020 йилнинг 12 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган музокаралар эса афғон халқининг ва ниҳоят тинч ва фаровон ҳаётга қовушишидан далолат берди. “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасида расмий Тошкентнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди.

Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганидан сўнг, у Тожикистон, Омон ва Ўзбекистонда экани айтилди. Бироқ, якунда уларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топмади. Жорий йилнинг 18 август куни эса, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ашраф Ғани ва унинг оила аъзоларига бошпана берганини айтганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3.2
t
×