Норбоева “қиз ўғирлаш” одатига қандай қарайди?
Жамият
−
13 Ноябрь 2020
15486Ўзбекистонда қиз ўғирлашни урф-одат, ҳеч нарса қилмайди деб ҳисобловчи одамлар ҳалигача бор. Бу одатлар асосан Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда сақланиб қолган, дейди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева қиз олиб қочиш ҳолатларига муносабат билдириб.
Норбоева QALAMPIR.UZ мухбирининг aёлларнинг ҳуқуқини бузадиган урф-одатлар бизга қанчалик керак ва бу борада қандай ишлар қилинаяпти, деган саволига жавоб бераркан шундай дейди:
“Биз барча фаолиятини қонунлар асосида ташкил қилган давлатмиз. Ҳозирги кунда барча сохада қонун устуворлиги таъминланяпти. Aйнан шу жараёнларнинг ичида айтилганидек қиз ўғирлаб кетиш ёки шунга ўхшаган бўлар-бўлмас эскилик сарқитлари ҳали ҳам бор. Бу, асосан, Қорақалпоғистон ва Қашқадарё вилоятида кузатилади. Бундай ҳолатлар статистикасига эътибор бердик. 2018 йилда 9 та, 2019 йилда 11 та, 2020 йилнинг ҳозирги вақтигача 3 та қиз ўғирлаб кетиш ҳолатлари кузатилган. Бу ҳолатга ИИВ томонидан жиноят иши қўзғатилган, ЖПКнинг 136-моддасида қатъий жазо чоралари белгиланган.
Яна бир нарсани айтиш керак: “Бу, урф-одат ҳеч нарса бўлмайди”, деган гаплар ҳали ҳам бор. Шунинг учун биз буни кўпроқ тарғибот қилишимиз керак”, дейди Танзила Норбоева.
У сўзида давом этиб, ўғирланган қизларнинг никоҳга мажбурланишига ҳам тўхталган ва бунда икки томон ҳам рози бўлиши кераклигини таъкидлаган. Бунинг олдини олиш учун қатор ваколатли идоралар биргаликда тарғибот ишларини олиб бориши кераклигини айтгн.
“Никоҳ икки томоннинг розилиги билан амалга ошадиган жараён. Шунинг учун Гендер комитетимиз раиси Феруза Фарҳодовна бу ҳолатга ўз муносабатини билдирди. Биз бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўймаслигимиз керак. Йигит ва қиз никоҳга ўз хохиши билан кириши керак. Бу жараёнда ота-оналарнинг ҳам, фарзандларини мажбурлашга ҳаққи йўқ. Бу каби ҳолатлар билан кескин курашишимиз керак. Бунда бизга Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва ИИВ яқиндан ёрдам беради. Вазиятни таҳлил қилиб айнан ўша ҳудудларда ишларни кучайтиришимиз керак. Водий томонларда бундай ҳодисалар учрамайди. Никоҳга мажбурлаш қайси ҳудудларда кўплаб учраса ўша ерда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш керак”, дея сўзини якунлаган Сенат раиси.
LiveБарчаси