Нохолис хабарлар тарқалишида ОАВ эмас, давлат органлари айбдор – АОКА директори

Жамият 2090
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари” мавзусида ўтган давра суҳбатида нохолис ахборотлар тарқалишига ОАВ вакиллари ва блогерлар эмас, давлат органлари айбдор эканини айтиб ўтди.

“Ҳозирги замонда ахборотни беркитиб бўлмайди. Чунки замонавий технологиялар шуни кўрсатяптики, ахборотни бир жойда беркитган билан у барибир чиқади. Ҳозир ахборот эркин айланяпти ва бу сўз эркинлиги билан боғлиқ.

Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологияси ривожланиши натижасида шахс сўз эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш имконига эга бўлди. Одамлар ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини билдиришяпти. Албатта, у ерда турли фикрлар юради, улар орасида танқидийлари ҳам бор. Ва бу танқидий фикрларни давлат бошқаруви органлари эшитиши керак. Ўзларининг фаолиятини шу берилган сўзлар орқали таҳлил қилиб, қанақа муаммолар борлиги, бу муаммоларни қандай қилиб ечиш, улар тизимлими ёки айни бир шахс ёки воқеага тегишлими, буларнинг барчасини давлат бошқаруви органлари таҳлил қилиши керак. Мулоқотга ўрганиши керак”, дейди Хўжаев.

Асад Хўжаев сўзида давом этаркан, ОАВ жуда кўплаб танқидий материалларни олиб чиқишини маъқуллаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтирди.

“ОАВ жуда кўплаб танқидий материалларни олиб чиқади. Шу орқали бизнинг давлат бошқаруви органлари янги реалликда, янги Ўзбекистонда фаолиятини бошлаяпти. Давлатимиз раҳбари “матбуот бу кимгадир аччиқ гапирса, ёқади ёки ёқмайди. Бу йўналишдан биз қайтмаймиз”, деб айтдилар

Ўтган йили бажарилган катта ишлардан бири – матбуот хизматлари ташкил этилгани бўлди. Ҳозирда 1000 дан зиёд матбуот котиблари фаолиятини амалга оширяпти. Лекин улар қай даражада ишлаяпти, малакаси ва тезкорлиги, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги фикрларни давлат бошқаруви органларига қай даражада етказа оляпти? Шуларга эътибор қаратишимиз керак”, дейди АОКА директори.

Шунингдек, Асад Хўжаев нохолис ахборотлар тарқалишига ОАВ вакиллари ва блогерлар эмас, балки давлат бошқаруви органлари журналистлар билан мулоқотга тайёр эмаслигини сабаб қилиб кўрсатди.

“Пандемия шароитида биз кўрдик: аҳолимизга тезкорлик билан давлат бошқаруви органлари қабул қилаётган турли қарорларни етказиб беришда эҳтиёж сезяпмиз. Ахборот вақтида етиб бормаса, бу турли нохолис ахборотлар тарқалишига сабаб бўлади. Биз баъзида ОАВ вакиллари ва блогерлар бунда айбдор деган гапларни эшитамиз. Йўқ, бу ерда давлат бошқаруви органлари журналистлар билан мулоқотга тайёр эмас. Агар давлат органлари тезкорлик билан жавоб қайтарса, асоссиз маълумотлар, фикрлар билдирилишига ўрин қолмайди. Шунинг учун биз доимий равишда давлат органлари очиқлигини таъминлаш борасида мулоқотни кучайтиришимиз керак, деб биламиз”, дея таъкидлади Асад Хўжаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев тадбирда сўз ва матбуот эркинлиги масаласига тўхталиб, жамиятга сўз ва матбуот эркинлиги жорий этилмаганида, пандемия шароитида аҳвол анча мураккаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак-Грегор халқаро мажбуриятлар масаласига алоҳида тўхталди.

Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов давлат миллий хавфсизликни таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, демократик эркинликлар эса барча учун баробар бўлган қонунларни бузиш учун қўлланилмаслиги лозим эканини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда шу кунларда сўз ва матбуот эркинлиги масаласида кун тартибида бўлиб турибди. Бунга АОКА томонидан бир қанча оммавий ахборот воситаларига огоҳлантириш хатлари юборилгани ва бу хатлар эркинлик устидан босим сифатида кўрилаётгани сабаб бўлди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3.4
t
×