Нодира Қодирова иши: Яратган сизнинг ҳам бошингизга шу кунни солсин

Жамият 18562
image

Туркия Буюк миллат мажлисида Оила, меҳнат ва ижтимоий хизматлар вазирлиги томонидан 2020 йил учун тақдим этилган Парламент режаси ва бюджет комиссияси музокараларида жорий йилнинг 23 сентябрь куни “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати Ширин Уналнинг уйида вафот этган ўзбекистонлик 23 яшар Нодира Қодирова масаласи кун тартибига чиқди. 

“Халқ” демократик партияси депутати Серпил Камолбей ўзбекистонлик хизматчи Ширин Уналнинг уйида вафот этишига қарамай, Унал комиссия мажлисида иштирок этаётганидан ташвишланаётганини айтди. Серпил Камолбей меҳнат қонунчилиги бўйича Нодира Қодированинг ҳуқуқлари қанчалик кафолатланганлиги ва унинг суғуртаси ҳақида сўз очди. 

Ширин Унал ХДП депутати Серпил Камолбейнинг гапларига жавобан шундай деди: 

“Ҳурматли депутат шахсий ҳуқуқларимга тажовуз қилгани учун уни кескин қоралайман. Конституцияга кўра, прокуратура тергови махфий амалга оширилади. Депутат мени ва оиламни обрўсизлантиришга ҳаракат қилди. Бу масалада тергов давом этяпти. 

Мен депутат ўлароқ дахлсизлик ҳуқуқимдан воз кечиб, оила аъзоларим билан полиция ва прокутура терговида қатнашдик. Айни вақтда прокуратуранинг баёнотини кутяпмиз. 

Мен Нодирага Яратгандан раҳмат, оиласига сабр тилайман. Ҳозиргача олган маълумотларимга кўра, бу ўз жонига қасд қилишдир. Унда шизофрения аломатлари бор эди. Биз прокуратура қарорини кутяпмиз ва унга бўйсунамиз. Яна шуни айтишни истайманки, Яратган шундай воқеани сизнинг ҳам бошингизга солсин”. 

Ширин Уналнинг қарғиши бошқа депутатларнинг эътирозига сабаб бўлгач, у гапирмай, курсисини эгаллади. 

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Нодира Қодированинг вафоти юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Хонадон эгаси Ширин Унал Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилганини таъкидламоқда. Қодированинг акаси эса синглиси жиноят қурбони бўлгани, унга икки жойидан ўқ узилгани, қолаверса, дўппосланганини айтмоқда. 

“Дафн маросимидан аввал синглимни ювинтирдилар. Ўша вақт кўрганларимга ишонгим келмаяпти. Менга фақат ўз жонига қасд қилди, танасида бир дона ўқ изи бор дейишганди. Аммо улар иккита. Чап кўкрагининг устида бир ўқ изи бор. Бел қисмининг орқаси, буйрак соҳасига ҳам ўқ узилган. Умумий ҳисобда икки марта ўқ узилган. Ўқ отилган қисмларни эса тикишган. 

Темир ёки тўппончанинг орқа тарафи билан уришганми, билмадим, аммо синглимнинг бўйин соҳаси энса қисмида ҳам зарба излари бор эди.

Синглимнинг чап кўзи, қолаверса, танасининг бошқа қисмлари ҳам кўкарганди. Яъни синглимни ваҳшийларча дўппослашган. Синглимнинг жасадини кўрган аёлларнинг айтишича, унинг танасини бўғзидан то пастгача ваҳшийларча йиртишган. Барча ички аъзоларини олиб ташлашган. Синглимнинг ичи бўм бўш эди”, дейди Нодира Қодированинг акаси Муҳаммадали Қодиров.

Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу эса бу ҳолат на “Адолат ва тараққиёт” партияси ва на депутат Ширин Уналнинг босими остида ўрганилмаслиги, ишни шахсий назоратига олганини айтган эди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 520
Рейтинг: 3
t
×
×