Нодир Жонузоқ янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
22 Июнь 2023
15788Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Нодиржон Холбўтаев (Нодир Жонузоқ) тайинланди.
Н.Холбўтаев бунга қадар Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Маълумот учун, Нодир Жонузоқ 1976 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1998 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган Нодир Жонузоқ ўз фаолиятини “Туркистон” ва “Республика” газеталари таҳририятида бошлаган.
Шунингдек, у “Маданият ва маърифат” телеканалида бош муҳаррир ва директор ўринбосари, Ёзувчилар уюшмаси муассислигидаги “Ёшлик” журналида бош муҳаррир ва Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиши маълум бўлганди.
LiveБарчаси