Нобель ҳафталиги бошланди. Тиббиёт бўйича лауреатлар эълон қилинди

Бу қизиқ

image

2025 йил физиология ва тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофоти Сиэтлдаги Тизимли биология институти ходими Мэри Э. Брунков, Сан-Францискодаги Паркер ракка қарши иммунотерапия институти вакили Фред Рамсделл ҳамда Осака университети профессори Шимон Сакакучига “периферик иммун толерантлигига оид кашфиётлари учун” берилди. Лауреатлар номи бугун, 6 октябрь куни Стокгольмда эълон қилинди.

Ҳозирги пайтда мукофот миқдори 11 миллион швед кронини (тахминан 1 миллион евро) ташкил этади. Тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофоти шу пайтгача 115 марта топширилган бўлиб, 2024 йилгача жами 229 киши бу мукофот соҳибига айланган.

2024 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гэри Равканга “микроРНКни кашф этиш ва унинг ген ифодасини посттранскрипцион бошқаришдаги ролини ўрганганлари учун” берилган эди.

2023 йилда ушбу йўналишдаги мукофот Пенсильвания университети олимлари Дрю Вайсман ва Каталин Карикога коронавирусга қарши мРНК-вакциналар ишлаб чиқишга асос бўлган ишлари учун топширилган. 2022 йилда эса швед биологи Сванте Паабо неандерталлар геномини ўрганиш ва инсон эволюциясига оид кашфиётлари учун мукофотга сазовор бўлган эди.

2021 йилда америкалик тадқиқотчилар Дэвид Жулиус ва Ардем Патапутиан физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. Улар инсон организмига ҳарорат ва тегинишни сезиш имконини берувчи рецепторларни кашф этгани учун мукофотга сазовор бўлди. 2020 йилда гепатит С вирусини кашф этишга катта ҳисса қўшган америкалик вирусологлар Харви Альтер, Чарльз Райс ва британиялик Майкл Хоутон мукофот ғолиблари бўлди.

Физиология ва тиббиёт соҳасидаги лауреатлар номи эълон қилиниши билан “Нобель ҳафталиги” бошланди. 7 октябрь куни физика, 8 октябрь куни кимё, 9 октябрь куни адабиёт соҳасидаги лауреатлар номи маълум бўлади. 10 октябрь куни Ослода тинчлик бўйича Нобель мукофоти соҳибининг номи эълон қилинади, 13 октябрь куни эса 1968 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича Алфред Нобель хотира мукофоти лауреати маълум бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

тиббиёт Нобель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг