Нобель мукофоти совриндори дунёни ядровий урушдан огоҳлантирди

Олам

image

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори, “Новая газета” бош муҳаррири, россиялик журналист Дмитрий Муратов Кремль Ғарб билан қарама-қаршиликда қанчалик узоққа боришидан хавотирда эканини билдирди. Бу ҳақда у BBC’га берган интервьюсида батафсил айтиб ўтди.

Қайд этилишича, Россия ҳукумати унинг газетасини ёпиб қўйган бўлишига қарамасдан журналист Дмитрий Муратов жим бўлишни истамайди. У тобора авж олаётган уруш ва тез-тез тилга олинаётган ядровий хавфдан хавотирда. 

“Икки авлод ядро уруши хавфисиз яшаб келди. Аммо бу давр тугади. Путин ядро тугмачасини босадими ёки босмайдими? Ким билади? Буни ҳеч ким билмайди. Аниқ айта оладиган одам йўқ”, дейди Муратов. 

Шунингдек, у сўнгги пайтларда Россиянинг юқори амалдорлари томонидан тез-тез тилга олинаётган, ОАВда ҳам кун мавзусига айланган ядровий урушдан ва унга ишора бераётган Россия ичидаги белгилардан хавотирини яширмаган.

“Биз давлат пропагандаси одамларни ядро уруши ёмон нарса эмас, деган фикрга қандай тайёрлаётганини кўряпмиз. Бу ердаги телеканалларда ядровий уруш ва ядровий қуроллар худди уй ҳайвонлари учун озиқ-овқатни реклама қилаётгандек тарғиб қилинади. Улар бизда бу ракета бор, бошқа ракета бор, деб эълон қилади. Улар Британия ва Францияни нишонга олиш ҳақида, Американи ювиб ташлайдиган ядровий цунами учқунлари ҳақида гапиради. Нега улар буни айтишади? Бу ерда одамлар тайёр бўлиши учун”, дейди Нобель мукофоти совриндори.


Муратовнинг айтишича, яқинда Россия давлат телевидениесида таниқли ток-шоу бошловчиси Путин режими Франция, Польша ва Буюк Британия ҳудудидаги ҳар қандай ҳарбий нишонни ўзи учун қонуний нишон деб эълон қилиш кераклигини таъкидлаган. Худди шу тақдимотчи маълум бир оролни стратегик ядровий қуроллар билан текислашни ва тактик ядровий қуролларни синовдан ўтказишни ҳам таклиф қилган. Муратов эса бу ҳаракатлар ҳеч кимда иллюзия бўлмаслиги учун қилинганини айтган.

Юқоридаги каби ядровий таҳдидларга қарамасдан давлат пропагандаси Россияни тинчлик мамлакати, Украина ва Ғарбни эса тажовузкор сифатида кўрсатмоқда. Кўп россияликлар эса бунга ишонмоқда.

“Россияда одамлар тарғибот орқали нурлантирилди. Пропаганда – бу нурланишнинг бир тури. У нафақат русларга, балки ҳаммага таъсир қилади. Россияда пропаганда – бу давлат мафкурасига тўлиқ хизмат қиладиган ўн иккита телеканал, ўн минглаб газеталар, “ВКонтакте” каби ижтимоий тармоқлар”, дейди Дмитрий Муратов.

Нобель лауреати ягона умиди ёш авлодда эканини ҳам яширмаган. Унинг айтишича, уруш бошлангач, бир миллионга яқин россиялик мамлакатни тарк этган. Қолганларнинг кўпчилиги ҳам Украинада содир бўлаётган воқеаларга кескин қарши. 

“Менинг ягона умидим ёш авлодда, яъни дунёни душман сифатида эмас, балки дўст сифатида кўрадиган, дунё Россияни, Россия дунёни севишини хоҳлайдиган одамлардадир. Умид қиламанки, бу авлод мен ва Путиндан ҳам кўпроқ яшайди”, дейди Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори.

Маълумот учун, 2022 йилда Дмитрий Муратов украиналик қочқин болалар учун пул йиғиш мақсадида Тинчлик бўйича Нобель мукофотини кимошди савдосига қўйган. Унинг мукофоти 103,5 миллион долларга сотилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президенти Владимир Путин Беларусда тактик ядро қуролларини жойлаштириш режасини эълон қилганди. Кейин унинг энг яқин ёрдамчиларидан бири Николай Патрушев Россияда ҳар қандай душманни, шу жумладан, АҚШни ҳам йўқ қилишга қодир замонавий ноёб қурол борлиги ҳақида огоҳлантирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина ядровий уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг