Россия Суриядаги қўшинларини эвакуация қилишни бошлади
Олам
−
11:57
1837Россия Мудофаа вазирлиги Суриядаги қўшинларини эвакуация қилишга киришди. Бу ҳақда Maxar Technologies ва Planet Labs компаниялари томонидан эълон қилинган сунъий йўлдош суратларига таяниб, “Важные истории” нашри хабар берди.
Суратларда Ҳмеймим авиабазасига келган транспорт самолётлари ҳамда Россияга жўнатишга тайёрланган С-400 зенит-ракета мажмуаси элементлари кўринади. Шунингдек, сунъий йўлдошлар Россия ҳарбий кемаларининг Тартус портини тарк этганини қайд этган.
“Bild” нашрига кўра, Германия Мудофаа вазирлиги ҳам Россия қўшинларининг Суриядан эвакуация қилинишини тасдиқлаган. Бундесвар маълумотига кўра, Россия ҳарбийлари аллақачон Тартус портини тарк этган. “Financial Times” нашри эса сунъий йўлдош суратлари ва Украина разведкаси маълумотларига таяниб, Ҳмеймим авиабазасига эвакуация тадбирларини амалга ошириш учун йирик транспорт самолётлари – икки Ан-124 ва учта Ил-76, шунингдек, кичикроқ ўлчамдаги учта Ан-32 ва битта Ан-72 келганини қайд этган.
12 декабрь куни “Bloomberg” нашри ўз манбаларига таяниб, Россия Суриянинг янги раҳбарияти билан ўз базаларини вақтинча сақлаб қолиш бўйича келишувга яқинлашгани ҳақида хабар берган. Бу маълумотни кейинчалик ТАСС манбалари ҳам тасдиқлаган ва Москвага янги Сурия ҳукумати томонидан қўшинлари учун вақтинчалик хавфсизлик кафолати берилганини билдирган. Бироқ “Bild”нинг ёзишича, ушбу кафолатлар уларнинг Сурия ҳудудида қолишини эмас, балки Россия қўшинларини хавфсиз олиб чиқишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь куни Сурия мухолиф кучлари Идлиб провинциясидан ҳужумни бошлаганди ва 8 декабрга келиб Дамашқни эгаллаганди. Сурия собиқ президенти Башар Асад эса ўз ваколатларидан воз кечиб, Россияга қочди. Шундан сўнг мухолиф кучлар Асад режимининг ағдарилганини эълон қилди.