Россия Сурияга буғдой экспортини тўхтатди
Олам
−
11:12
1127Россия Сурияга буғдой экспортини тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Башар Асад режими ағдарилгач, Россия Сурияга буғдой экспортини тўхтатган. Россия томони мамлакатдаги янги ҳукуматнинг келажаги ва тўловлар билан боғлиқ кечикишлардан хавотирда эканини билдирган.
Шунингдек, буғдой ортилган икки кема белгиланган портга етиб бормагани ҳақида хабар берилган. “Михаел Ненашев” ва “Альфа Гермес” номли кемалар Сурия соҳилларида бир неча кун турган, сўнг Мисрнинг Александрия портига йўналтирилган.
Сурия манбасига кўра, кемалар тўловлар билан боғлиқ ноаниқлик сабабли кечиктирилган ва Россия бу масалани Сурия янги ҳукумати билан муҳокама қилган.
Маълумот учун, Россия дунёдаги энг йирик буғдой экспортчиси ҳисобланади. Мамлакат Ғарб давлатларининг санкцияларига қарамай Сурия ҳукуматига мураккаб молиявий ва логистика схемалари орқали буғдой етказиб берган. Олдин Сурия буғдойни ўзининг “Hoboob” номли агентлиги орқали импорт қилган, ҳозир эса янги ҳокимият шу агентликни бошқарувчи янги раҳбариятни ташкил этиши ёки янги импорт бошқарувини тузиши керак.
Россиянинг Буғдой экспортчилари уюшмаси раҳбари Эдуард Зерниннинг сўзларига кўра, Россия Сурия учун йилига тахминан 2 миллион тонна буғдой экспорт қилмоқда. Аммо Сурия Россия учун катта импортчи эмас. Шунга қарамай, Россиядан буғдой етказиб беришдаги узилишлар аҳолиси 23 миллиондан ортиқ бўлган Сурияда очликка олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурияни исёнчилар ҳужумидан кейин тарк этган президент Башар Асад оиласи билан Москвага жўнаб кетганди. Маълумотларга кўра, у Россиядан сиёсий бошпана сўраган. Россия самолёти бир неча соат олдин Суриянинг Латакия шаҳридан учган, кейин транспондерни ўчириб, Россия томон йўналган.