“Никол хоин! Никол кетиши керак!” – Мухолифат Пашиняннинг истеъфосини талаб қиляпти

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилаётган мухолифат фаоллари бугун, 20 ноябрь куни тушдан кейин Ереваннинг бир нечта марказий кўчаларини тўсиб қўйди. ТАСС мухбирининг хабар беришича, айни пайтда фаоллар Баграмян ва Маштоц марказий кўчаларини ҳамда Киевян ва Мясникян кўчаларини тўсиб қўйган. 

“Никол хоин! Никол кетиши керак!”, деб бақирмоқда Арманистон Бош вазирининг истеъфосини қўллаб-қувватловчилар. 

Хабарларга кўра, полициянинг махсус кучлари мухолифат фаолларини ҳибсга олишга киришган.

Арманистон мухолифати Бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиши ортида жорий йилнинг 9 ноябрь куни Озарбайжон ва Россия Президентлари билан имзоланган сулҳ ётибди. Арманистон мухолифати Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида имзолаган қўшма баёнот аслида таслим бўлиш ҳақида эканига ишонмоқда. Шунингдек, улар республиканинг ички иқтисодий ва ижтимоий муаммолари сабабчи сифатида Бош вазирни кўрмоқда. 

Пашиняннинг таъкидлашича, Шуша шаҳри Озарбайжон қўлига ўтгандан сўнг, Арманистон томони учун кураш ўз маъносини йўқотган, чунки ўша пайтдан бошлаб Ереван жанговар ҳаракатларда бурилиш нуқтасига эриша олмади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Арманистон Президенти Армен Саркисян халққа мурожаатида муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишни ва ундан олдин ваколатларни миллий келишув ҳукуматига ўтказишни талаб қилди.

Маълумот ўрнида, 27 сентябрда Тоғли Қорабоғда вазият ёмонлашганди, баҳсли ҳудудда фаол жанглар бошланганди. Баку ва Ереван 1988 йил февралидан бошлаб Озарбайжон ССР таркибидан чиққанлигини эълон қилганидан бери минтақага эгалик қилиш масаласида баҳслашмоқда. 1992-1994 йиллардаги қуролли тўқнашув пайтида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унга қўшни етти вилоят устидан назоратни йўқотганди. 

9 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар. Ҳужжат, хусусан, Россиядан тинчликпарвар кучларни минтақага жойлаштиришни назарда тутади.

Тоғли Қорабоғда қарийб бир ярим ой давом этган қуролли тўқнашувларда 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 8 мингдан зиёд киши жароҳатланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Никол Пашинян Ереван

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг