Нигерияда қуроллилар қишлоққа ҳужум қилиб, ўнлаб инсонларни ваҳшийларча ўлдирди
Олам
−
28 июл 2687 2 дақиқа
Нигериянинг Кадуна штатида қуролли шахслар қишлоққа ҳужум қилиши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида 8 нафар бола ҳам бор. Бу ҳақда маҳаллий аҳоли вакилларига таяниб “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум 28 июль куни тонгга яқин Кадуна штатининг Кауру маҳаллий бошқарув ҳудудида жойлашган Наридон қишлоғида содир бўлган. Қуролланган шахслар қишлоққа бостириб кириб, аҳолига қарата бетартиб ўқ узган ва уйларга ўт қўйган.
Қишлоқ оқсоқоли котиби Догон Рананинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида 8 нафар бола бор, яна 4 киши жароҳат олган.
Яна бир маҳаллий аҳоли вакили Ишая Даванинг сўзларига кўра, ҳужумчилар ярим тун атрофида қишлоққа кириб келган. Айрим аҳоли вакиллари сўйиб ўлдирилган, бир нечта жасад моргга олиб кетилган.
“Қурбонлар аёллар, болалар ва кексалардир”, – деган Дава.
Унинг таъкидлашича, ҳужумчилар уйларга ўт қўйгач, воқеа жойидан қочиб кетган. Хавфсизлик кучлари эса қишлоққа ҳужумдан бир неча соат ўтгач, эрталаб етиб келган.
Нигериянинг шимоли-ғарбий ва шимолий-марказий ҳудудларида қуролли жиноий гуруҳлар томонидан амалга ошириладиган ҳужумлар асосий хавфсизлик муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида эса “Боко Ҳаром” ва ИШИДнинг Ғарбий Африкадаги тармоғи (ISWAP) исёнчилик ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Ҳозирча Кадунадаги ҳужум учун ҳеч қайси гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Штат полицияси матбуот котиби Мансур Ҳасан воқеа юзасидан батафсил маълумот кейинроқ тақдим этилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурияда икки автобус иштирокида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлган, яна 30 киши жароҳат олганди.
Live
Барчаси