Сурияда икки автобус тўқнашиб кетди. Ўнлаб қурбонлар бор
Олам
−
25 июл 1379 2 дақиқа
Сурияда икки автобус иштирокида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши жароҳат олди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб, “Al Jazeera” хабар қилди.
Қайд этилишича, фожиа бугун, 25 июль куни Сурия шарқини пойтахт Дамашқ билан боғловчи, узунлиги 400 километрдан ортиқ бўлган Дайр аз-Зур – Дамашқ автомобиль йўлида – ас-Сухна ва Палмира шаҳарлари оралиғида содир бўлган.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, автобуслардан бири Ички хавфсизлик кучлари ходимларини, иккинчиси эса фуқароларни олиб кетаётган бўлган. Вазирлик ҳодиса жойига тез ёрдам машиналари юборилганини билдирган.
Сурия давлат ахборот агентлиги (SANA) хабарига кўра, жабрланганларни Ҳомс ҳарбий госпиталига эвакуация қилиш учун воқеа жойига бир нечта вертолёт ҳам жалб қилинган.
Фаолларнинг таъкидлашича, мазкур автомобиль йўли хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги билан танилган бўлиб, бу Сурияда қарийб 14 йил давом этган фуқаролар уруши оқибатида мамлакат фуқаролик инфратузилмасининг оғир аҳволга тушиб қолганини акс эттиради.
Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш вазири Раед ал-Салеҳ ўтган йилнинг октябрь ойида январь ойидан сентябрь ойи охирига қадар мамлакатда 2 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганини, бундай ҳодисалар Сурияда ўлимнинг асосий сабабларидан бири эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 25 июль куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2009 йилдан бери илк бор Сурияга ташриф буюрганди. Сурия давлат ахборот агентлигининг маълум қилишича, Гутерришни Дамашқдаги президент саройида мамлакат Президенти Аҳмад аш-Шараа қабул қилган.
Live
Барчаси