Нидерландия Ўзбекистонни афғонистонлик қочқинларини қабул қилишга кўндирмоқчи
Олам
−
14 Октябрь
12196Нидерландия ҳукумати мамлакатда рад этилган афғон қочқинларини Ўзбекистонга юбормоқчи. Бу ҳақда “NL Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, яқинда Германия Ўзбекистонни афғон қочқинларини қабул қилишга кўндирган. Энди Нидерландия ҳам шунга ҳаракат қилмоқда.
“Айни пайтда ҳукумат Ўзбекистон билан қандай келишувларга эришиш мумкинлигини ўрганмоқда”, деди мамлакат қуйи палатасида Қочқинлар масаласи бўйича вазир Маржолейн Фабер.
Қайд этилишича, вазир бу борада бошқа тафсилотларни очиқламаган, шунингдек, қачон кўпроқ маълумот бериши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирмаган. Фабернинг сўзларига кўра, булар илк босқичдаги музокаралар ва шунчаки ўрганишлар бўлиб, ушбу жараённи очиқлашдан наф йўқ.
Нашрга кўра, чет элда барча ҳуқуқий ҳимоя чораларидан, айниқса жиноят билан боғлиқ ҳимоя чораларидан фойдаланиб бўлган бошпана изловчилар ўз мамлакатларида кўпинча қабул қилинмайди. Нидерландия ва бошқа Европа давлатлари эса йиллар давомида уларни қандай қилиб ватанига қайтариш йўлларини топишга интилиб келмоқда. Бу давлатлар рад этилган афғонларни қабул қилишга унчалик тайёр эмас, чунки улар “Толибон” ҳукуматни эгаллаб олганидан бери Афғонистон билан расмий алоқага эга эмас.
“Шу сабабли Германия афғон қочқинларини Ўзбекистон орқали қайтаришни режалаштирмоқда. Икки давлат ўтган ойда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қабул қилиш ва ривожланиш ёрдами каби бошқа имтиёзлар эвазига буни келишиб олди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия афғонистонликларни депортация қилишга киришгани хабар қилинган эди. Ҳукумат расмий вакили Штеффен Ҳебештрайт Афғонистонга қайтарилган шахслар жиноятчилар экани ва улар Германияда қолишга ҳақли эмаслигини айтган.