Германия афғонистонликларни депортация қилишга киришди
Олам
−
31 Август
4169Кеча, 30 август куни илк марта Германия ҳукумати бир гуруҳ афғонистонликларни ўз ватанига қайтарди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Ҳебештрайт Афғонистонга қайтарилган шахслар жиноятчилар экани ва улар Германияда қолишга ҳақли эмаслигини айтган.
Нашрга кўра, афғонистонликлар Лейпсиг аэропортидан Qatar Airways ширкати самолёти орқали бадарға қилинган. Берлин ҳукумати “Толибон” маъмурияти билан расмий алоқага эга эмаслиги сабаб жараёнга Қатар давлати кўмак берган ва воситачилик қилган. Германиядан депортация қилинган дастлабки гуруҳ 28 нафар афғонистонликдан иборат.
Расмийлар депортация жараёнига бир неча ой давомида тайёргарлик кўрилганини маълум қилган. Золинген шаҳрида суриялик муҳожир томонидан уюштирилган ва уч кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужум жараённи янада тезлаштиргани айтилмоқда. Ушбу ҳужумдан кейин олмон мухолифати ҳукуматдан мигрантларга нисбатан тартиб-қоидани қаттиқлаштиришни талаб қилган. Ички ишлар вазирлиги шубҳали деб топилган қочқинларни депортация қилиш жараёнини енгиллаштириш ниятида.
“Хавфсизлик омили шахсни ҳимоя қилиш заруратидан устун”, дейди Берлин расмийлари.
Германия Адлия вазири Марко Бушман жорий йилнинг 29 август кунги матбуот анжуманида маълум қилишича, ҳукумат Золингендаги ҳужумдан кейин хавфсизликни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни маъқуллаган. Жумладан, қурол ишлатган қочқинларни сургун қилишни соддалаштириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Молдова, Қирғизистон, Ўзбекистон, Кения ва Филиппин билан ноқонуний муҳожирларни қайтариш бўйича қўшимча миграция битимлари тузилиши режалаштирилмоқда.
LiveБарчаси