Ниҳоят! Украина портидаги ғалла қачон ва қаерга экспорт қилиниши очиқланди
Олам
−
28 Июль 2022
16879Эртага, 29 июль куни Украинда буғдойи ортилган биринчи кема Одессадан Сомалига йўл олиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс бугун, 28 июль куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Аввалига ғаллага эътибор қаратгандик, сўнгги кунларда музокараларга ўғитларни ҳам киритдик”, дейди у.
Унга кўра, Украина дони ортилган биринчи кема эртага, 29 июль куни жўнаб кетиши мумкин.
“Биз [Украина дони бўлган] биринчи кема яқин кунларда жўнаб кетишига умид қиламиз ва режалаштиряпмиз. Умид қиламанки, бу эртага содир бўлади”, дейди у.
Бош котиб ўринбосарининг қайд этишича, Одесса портида БМТ ва турк кузатувчилари иштирок этади.
“Украина портларига кетаётган кемалар учун текширувлар Туркия портидан ўтказилади. Бу орқали кемаларда контрабанда ва қурол-яроғ йўқлигига ишонч ҳосил қилиш оссонроқ. Портда БМТ ва Туркиядан кузатувчиларимиз бўлади. Одессадан ғалла жўнатилаётганига ҳамда кемалар кетаётганига ишонч ҳосил қилиш учун”, дейди у.
Мартин Гриффитсга кўра, Одессадан йўлга чиққан, Украина дони ортилган биринчи кема Сомалига йўл олиши мумкин.
“Биринчи юк кемаси қаерга кетиши мумкинлиги ҳақида сўралганда, аниқ жавоб бор. Бу Сомали, ҳозир очарчилик авж олган Африка давлати. Сомалига етиб бориш вақти олти ҳафта давом этиши мумкин”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг жорий йилнинг 22 июль куни Истанбулда имзоланган дон келишувини қўллаб-қувватлашга бағишланган баёноти Россиянинг қаршилиги туфайли қабул қилинмади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши дипломатларига кўра, Россия баёнот лойиҳасида БМТ Бош котибининг 23 июль куни Одесса савдо портига уюштирилган ракета ҳужумини қоралаб чиққан муносабатига ҳавола кўрсатилгани сабаб уни тасдиқлашдан бош тортган.
LiveБарчаси