Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “дон келишуви” бўйича баёнотига “вето” қўйди

Олам 9701
image

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг жорий йилнинг 22 июль куни Истанбулда имзоланган дон келишувини қўллаб-қувватлашга бағишланган баёноти Россиянинг қаршилиги туфайли қабул қилинмади.

Норвегиянинг БМТдаги доимий вакили Мона Йуулнинг “Associated Press” агентлигига айтишича, Норвегия ва Мексика бир неча кундан буён БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо мамлакатларнинг Қора денгиз орқали дон ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ҳамда ўғитни хавфсиз етказиб бериш бўйича келишувни маъқуллаган баёноти масаласида ягона позициясига эришишга ҳаракат қилмоқда.

Баёнот муаллифлари Истанбул келишувининг имзоланиши ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг бу йўналишдаги шахсий ҳиссасини олқишлаган.

Шу билан бирга, баёнотдан томонларга “дон шартномаси” бўйича барча мажбуриятларни сўзсиз бажариш бўйича мурожаат ҳам ўрин олган.

“Бундай саъй-ҳаракатлар давом этаётган уруш ва унинг Украина халқига салбий таъсири фонида жуда муҳим”, деган Йуул.

Бироқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши дипломатларига кўра, Россия баёнот лойиҳасида БМТ Бош котибининг 23 июль куни Одесса савдо портига уюштирилган ракета ҳужумини қоралаб чиққан муносабатига ҳавола кўрсатилгани сабаб уни тасдиқлашдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 154
Рейтинг: 3.1
t
×