Нетаньяху Ғазода ўт очишни тўхтатишга қарши чиқди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
6346Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху унинг мамлакати Ғазода гаровга олинганларни озод қилмасдан туриб, анклавда ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаслигини тасдиқлади. Бу ҳақда у Яҳудия ва Самария муниципалитетлари (Иордан дарёсининг ғарбий соҳиллари) раҳбарлари билан учрашувда сўз очди.
Нетаньяху ўз нутқини Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторидаги ҳаракатларини олқишлашдан бошлаган.
"Биз турли йўналишлардан эшитаётган барча ёлғон миш-мишларни рад этмоқчиман ва яна бир нарсани аниқ айтмоқчиманки, гаровга олинганларни озод қилмасдан туриб, сулҳ бўлмайди. Қолган гапларнинг ҳаммаси ёлғон", деган Исроил ҳукумати раҳбари.
Бош вазир халқига йўллаган телемурожаатида Исроил бу позициясини душманларига ҳам, дўстларига ҳам етказаётганини таъкидлаган.
NBC News телеканалининг хабар қилишича, АҚШ ва Қатар Исроил билан Ғазо секторига ёрдам етказилиши ва гаровга олинганларнинг бир қисмини озод қилиш учун уч кунгача гуманитар пауза эълон қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Айтилишича, Қатар воситачи бўлиб, бир неча ҳафтадан бери ҲАМАС билан гуманитар пауза эълон қилиш бўйича музокара олиб бормоқда.
"Axios" портали эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Нетаньяхуга инсонпарварлик паузаларини жорий этиш мамлакат раҳбариятига Ғазо секторида қуруқликдаги операция ўтказиш учун кўпроқ вақт беришини ҳамда АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятига босимни камайтиришини айтганини ёзган.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошидан Блинкен билан учрашганидан сўнг ўтказган матбуот анжуманида ҳам Нетаньяху Исроил шиддатли ҳужум уюштираётган Ғазо секторида ҲАМАС томонидан ушлаб турилган маҳбусларни озод қилмасдан, вақтинчалик гуманитар сулҳ тузиш таклифини рад этганди. Қатар Ташқи ишлар вазири эса Блинкен билан учрашувда Исроилнинг давом этаётган бомбардимонлари ҲАМАС гаровга олган кишиларни озод қилишдаги воситачилик ҳаракатларини қийинлаштираётганини айтганди.
LiveБарчаси