Нетаньяху дунёдан ёрдам сўрамоқда
Олам
−
13 Июнь
21756Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция раҳбари Эммануэль Макрон ҳамда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан мулоқот қилди. Бу ҳақда Бош вазир девонининг маслаҳатчиси Дмитрий Гендельман ўзининг Telegram саҳифасида ёзиб қолдирди.
Унинг сўзларига кўра, Бош вазир бир қатор давлат раҳбарлари билан суҳбат қилган ва ҳозир АҚШ раҳбари Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин билан суҳбатга тайёрланмоқда.
“Бош вазир Биньямин Нетаньяху Германия канцлери, Ҳиндистон Бош вазири ва Франция Президенти ҳамда бошқа жаҳон етакчилари билан бир қатор музокаралар ўтказди. Яқин вақт ичида у АҚШ Президенти Дональд Трамп, Россия Президенти Владимир Путин ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан ҳам вазиятни муҳокама қилишни режалаштирмоқда”, дейилади Гендельманнинг хабарида.
Маълум қилинишича, ўтказилган суҳбатлар давомида етакчилар “Эрон томонидан йўқ қилиш таҳдиди остида бўлган Исроил хавфсизлигини таъминлаш заруратини тушуниб, унга ҳамдардлик билдирган”. Бош вазир эса яқин кунларда улар билан доимий алоқада бўлишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.
Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.
Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль