Назарбоевнинг жияни ишдан олинмаган – МХҚ
Олам
−
08 Январь 2022
10439Аввалроқ, Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида Биринчи Президентнинг жияни – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абиш Миллий хавфсизлик қўмитасида эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ва ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинроқ унинг қамоққа олингани ўз тасдиғини топмади. Оммавий ахборот воситалари текширилмаган ахборот учун узр сўради.
Айни вақтдаги маълумотларга кўра, собиқ Президентнинг жияни МХҚ раисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллашда давом этмоқда. Бу ҳақда МХҚ “Интерфакс”га маълум қилган.
“Биринчи ўринбосар фаволиятини давом эттирмоқда”, деди агентлик суҳбатлашган манба.
43 ёшли генерал-лейтенант Самат Сатибалдиули Абиш Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг укасининг ўғлидир. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси академиясини ва Россия Ташқи разведка хизмати академиясини тамомлаган.
2010 йил январидан 2015 йил декабригача Абиш кадрлар бўлими бошлиғи лавозимидан Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосаригача кўтарилган.
Оирги икки кунда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач Назарбоев яна пайдо бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди.
LiveБарчаси