Назарбековдан навбатдаги қовун тушириш: энди “цензура” меҳмонхоналаргами?

Маданият-санъат

image

Ўзбекистондаги меҳмонхоналар, ҳатто, 5 юлдузли бўлса ҳам, уларда ўзбекона миллийлик акс этиши керак. Бундай навбатдаги ғайриоддий ва тадбиркорлик субъектининг фаолиятига ташқи аралашувни ўзида акс эттирган талаб кўринишидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековдан чиқди. Вазир бу ҳақда Отелерлар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Меҳмонхона бизнеси форуми”дан кейин гапирган. 

“Айтиш керакки, хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатаётган меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари эгалари hi-tech, миллий ва классик услубларни уйғунлаштирган ҳолда жиҳозлаш ва интерьер қилишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Ҳаттоки, энг замонавий 5 юлдузли меҳмонхоналарда ҳам миллийлигимиз, ўзлигимиз акс этган деталлар бўлиши лозим”, дейди вазир Назарбеков. 

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида меҳмонхоналарга қўйилмаган бундай талаб қонунчиликда акс этадими, бундан буён ҳақиқатан ҳам меҳмонхоналар миллий руҳда безатиладими ё йўқ, бизга қоронғи, аммо Назарбековнинг фикрича, бу ҳар бир сайёҳнинг, энг аввало, Ўзбекистон ҳақидаги тасаввури шаклланиши, шунингдек, халқимизга хос урф-одат, анъана ва қадриятлари ҳақида тушунчага эга бўлишига хизмат қилади. 

“Ўйлаймизки, мазкур форум туризм саноати вакилларини бир жойда жамлаб, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар жалб қилиш, IT соҳаси, экология, хизматларни рақамлаштириш, таълим ва кадрлар масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза, тажриба ва таклифлар алмашиш майдони вазифасини бажарди”, деб ёзган вазир ўзининг Telegram-каналида.

Бугун Ўзбекистонда АҚШ, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Покистонга бориб тақаладиган қатор хорижий меҳмонхоналар фаолият юритмоқда. Қизиқ, Ўзбекистонга миллион-миллион доллар киритиб, меҳмонхона очаётган тадбиркорлар Озодбек Назарбековнинг бу таклифини қандай қабул қиларкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг