Навбат Эрон вазирига. Мирзиёев Абдуллаҳиённи қабул қилди
Жамият
−
24 Январь 2023
5171Бугун, 24 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тадбирлари доирасида Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон раҳбарига Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Учрашувда Эрон Президентининг ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратгани таъкидланган.
“Ўзбекистон етакчиси ўзаро мулоқотлар фаоллашгани, савдо изчил ошиб бораётгани ва етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучайганини мамнуният билан қайд этди”, дейилади хабарда.
Мазкур учрашувда транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни илгари суриш, жумладан, Чобаҳор ва Бандар-Аббос портларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, учрашувда икки давлат ўртасидаги бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳамда Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.