Шавкат Мирзиёев Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди
Жамият
−
24 Январь 2023
4540Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 январь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди.
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
“Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Чавушўғли Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Давлатимиз раҳбари олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқотлар кўп қиррали ҳамкорликнинг жадал ривожланишига хизмат қилаётганини катта мамнуният билан қайд этди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон-Туркия ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошиб, ўтган йилда 370 та янги қўшма корхона ташкил этилган. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги авиаташувлар сони ҳам кўпайгани урғуланди.
“Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида, шу жумладан саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида янги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қолаверса, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Кўп томонлама тузилмалар, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Мирзиёев Озарбайжон Ташқи ишлар вазирини қабул қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь