Мирзиёев Туркманистон Ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Жамият
−
24 Январь 2023
4557Бугун, 24 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тадбирлари доирасида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда 2022 йилнинг 14-15 июль кунларидаги Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи ва 21-22 октябрь кунларидаги Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга расмий ташрифи давомида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш жиҳатлари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Рашид Мередов Ўзбекистон раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Халқ Маслаҳати Раиси, Миллат Етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
“Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Ушбу учрашувда жорий йилнинг биринчи чорагида қатор қўшма тадбирлар – Ҳукуматлараро комиссия, Сув хўжалиги масалалари бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишлари, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, маданий ва бошқа тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
“Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак учрашувлар режаси кўриб чиқилди”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов ҳамда Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси