Навальнийнинг ўлими учун Путин жавобгар – Байден
Олам
−
16 Февраль
9374Алексей Навальнийнинг ўлимида бевосита Россия Президенти Владимир Путиннинг қўли бор. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жозеф Байден россиялик мухолифатчининг ўлими муносабати билан қилган махсус мурожаатида айтиб ўтди.
“Адашманг. Навальнийнинг ўлими Путиннинг бўйнида. Барча жавобгарликни у ўз зиммасига олади. Бу воқеа Путиннинг қанчалик шафқатсизлигига яна бир далилдир”, деган Байден.
АҚШ Президентининг қўшимча қилишича, Путин “нафақат бошқа давлат фуқароларини, балки ўз манфаати йўлида россияликларни ҳам йўқотишга тайёр”.
"Мен Навальнийнинг вафоти ҳақидаги хабардан ҳайрон қолмадим. У Россия расмийларининг зўравонлигига дадил қаршилик кўрсатди. Бунинг учун у қамоққа ташланди, заҳарланди, аммо бу каби қаршиликлар уни тўхтата олмади", деган АҚШ етакчиси.
Шунингдек, Байден заҳарланганидан кейин хорижда қолиши мумкин бўлган, аммо барибир Россияга қайтган Навальнийнинг жасоратини эътироф этди.
"Мен унинг оиласига ҳамдардлик билдираман. Алексейнинг жасорати ҳеч қачон унутилмайди", дея қўшимча қилган АҚШ етакчиси.
Маълумот учун, 2021 йилда Байден журналистларга Владимир Путин билан учрашиб, Навальнийнинг ўлими унга қимматга тушишидан огоҳлантиргани ҳақида маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия ҳукумати мухолифатчи Алексей Навальний қамоқда вафот этганини эълон қилди.
LiveБарчаси