Алексей Навальний қамоқхонада вафот этди
Олам
−
16 Февраль
15286Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний калонияда вафот этди. Бу ҳақда Федерал жазони ижро этиш хизмати Ямал бўйича департаменти маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 16 февраль куни 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида Навальний юришдан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган ва дарҳол ҳушини йўқотган.
“Муассаса тиббиёт ходимлари зудлик билан етиб келди ва тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилди. Барча зарур реанимация чоралари кўрилган, бироқ ижобий натижа бермаган. Тез тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлади. Ўлим сабаблари аниқланмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Алексей Навальний 2021 йил февралида Ив Рочер иши бўйича фирибгарликда айбдор деб топилгач, қамоқхона колониясига жўнатилган. Кейин сиёсатчи 2 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум этилди. 2022 йил март ойида Навальний яна фирибгарликда, кейин эса судьяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 9 йилга қаттиқ тартибли колонияга (жиноятлар бирикмаси учун) жўнатилган эди.
2023 йил августида Навальний Москва шаҳар суди томонидан “экстремистик жамият” ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияда 19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Расмийларга кўра, у асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси “экстремистик жамият” сифатида кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Алексей Навальний Владимир вилоятининг Мелехово қишлоғидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан йўқолиб қолган, унинг яқинлари ва адвокатлари деярли уч ҳафта давомида сиёсатчи билан боғлана олмаган эди. Кейинчалик у Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилгани маълум бўлди.
LiveБарчаси