Навальний “Қутб бўриси”дан топилди
Олам
−
26 Декабрь 2023
1133219 кун давомида қаердалиги номаълум бўлган россиялик сиёсатчи Алексей Навальний Россиянинг Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясидан топилди. Бу ҳақда Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш маълум қилди.
“Биз Алексей Навальнийни топдик. У Ямало-Ненец автоном округининг Харп қишлоғидаги 3-ахлоқ тузатиш колониясида жойлашган. Адвокат бугун уни кўрди. Алексей яхши", деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Ўз навбатида, Коррупцияга қарши кураш фонди директори Иван Жданов Навальнийнинг шериклари 618 та сўров юборганини ва адвокатлар Навальнийни топиш учун "ҳар бир тергов изоляторини, баъзан бир неча марта" қидирганини айтди. Ждановнинг сўзларига кўра, 3- ахлоқ тузатиш колонияси "умуман олганда, энг шимолий ва узоқ колониялардан бири".
“У ерда шароит оғир, доимий музлик зонасида алоҳида режим мавжуд. У ерга бориш жуда қийин ва ФСИН-хат ёки Zonatelecom хатларини етказиб бериш тизимлари йўқ. Адвокат бугун у ерда эди. У Алексейни кўрди. Адвокатни ҳам дарҳол киритишмади”, дейди Жданов.
Маълумот учун, Алексей Навальнийнинг адвокатлари, қариндошлари ва ҳамкорлари деярли уч ҳафта давомида унинг қаердалигини аниқлай олмаган. У билан алоқа 6 декабрь куни йўқолган. Дастлабки бир неча кун давомида унинг адвокатлари турли баҳоналар билан колонияга киритилмаган. Шундан сўнг, суд Навальний 11 декабрь куни “Владимир вилоятини тарк этгани”ни унинг аниқ манзилини кўрсатмасдан маълум қилган.
“3-сонли ахлоқ тузатиш колонияси ҳар доим ўта хавфли такрорий жиноятчилар учун колония вазифасини бажариб келган”, деб ёзган "Новая газета".
Маълумот учун, Михаил Ходорковскийнинг бизнес шериги Платон Лебедев ҳам жазо муддатининг бир қисмини ушбу колонияда ўтказган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь