Навальнийнинг “Путин кошонаси” ҳақидаги суриштируви исботланди – BBC 

Олам 12788
image
-

BBC рус хизмати Россиянинг Геленжик шаҳрида қурилган қиймати бир неча миллиард рублга тенг саройнинг кимга тегишли экани юзасидан суриштирув ўтказиб, хулосаларини эълон қилди. 

Суриштирувда Россиянинг Геленжик шаҳрида жойлашган ва Президент Владимир Путинники экани иддао қилинган саройнинг расмий эгаси сифатида “Озеро” кооперативининг собиқ аъзоси ва Путиннинг эски таниши Николай Шамалов тан олинган. 

Бироқ, миллиардлаб рублга баҳоланган ушбу саройнинг сотилишидан Шамаловга атиги 4,9 миллион рубль теккан. Ушбу хулосани саройнинг қурилиши тарихини батафсил баён қилган ҳужжатлардан олиш мумкин.  

BBC рус хизмати ихтиёрида бўлган “Путин саройи”ни қуриш лойиҳасининг бир қатор ички ҳужжатлари қурилишда давлатнинг муҳим роли бўлганини кўрсатган, шунингдек, маблағ ҳажми ва манбаларини очиб берган. 

Массив ҳужжатлари мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг сарой бўйича ўтказган тергов натижаларининг аксар хулосаларини тасдиқлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Россияда Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси ҳамда мухолифат етакчиси ҳисобланган ва айни вақтда панжара ортида бўлган Алексей Навальний “Путин учун сарой” номли йирик суриштирув фильмини эълон қилганди. 

Саройнинг ўзи 68 гектар майдонни эгаллайди. Ундан ташқари, уни Федерал хавфсизлик хизматининг назоратида бўлган яна 7000 гектарга тенг ёпиқ ҳудуд ўраб туради. 

Мажмуада саройдан ташқари ёпиқ муз майдони, черков, 2500 метр квадрат ҳажмдаги иссиқхона, 80 метр узунликдаги кўприк ва ҳатто амфитеатр ҳам мавжуд. Мажмуанинг ўзига ҳос жиҳатлари кўп. Улардан бири эса, махсус туннель ҳисобланади. 

Шунингдек, саройда бир неча сауна, ҳаммом, бассейн, сартарошхона ва аквадискотека мавжуд. Ундан ташқари, қишки боғ, мусиқали меҳмонхона, казино ва спорт зали ҳам жойлашган.

Сўнг, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Геленжикдаги ҳашаматли сарой ўзи ёки қариндошлариники эмаслигини маълум қилганди. 

Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков эса, Геленжикдаги ҳашаматли уй бир ёки бир нечта ишбилармонга тегишли эканини айтган. 

Кейинчалик, россиялик миллиардер Аркадий Ротенберг саройнинг бенефициари эканини маълум қилганди. Ротенберг ҳашаматли саройда юқори тоифали меҳмонхона ташкил қилишини айтганди. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 578
Рейтинг: 2.9
t
×