Навальний жамоасидан янги фильм: “Путиннинг Валдай дачаси сирлари”

Олам

0:00
0:00
download

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚФ) “Путиннинг Валдай дачаси сирлари” номли янги суриштирув фильмини эълон қилди.  

Унда Президент Путиннинг дўсти Юрий Ковальчук ўзининг Новгород вилояти Валдайдаги 100 гектар ер майдонини Президент ишларини бошқариш федерал органига йилига 300 миллион рубль эвазига ижарага бергани айтилган. Ижарага олинган айнан ушбу майдонда Путиннинг дачаси жойлашган.  

Суриштирув фильмида таъкидланишича, оролнинг шимолий қисмида жойлашган 150 гектар майдонда техник бинолар – омборлар, гаражлар ва кичик меҳмонхона мавжуд. Ушбу ҳудуд расмий равишда Россия Федерациясига тегишли. 

Путиннинг дўстига тегишли бўлган 100 гектар ер майдони эса ярим оролнинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, у ердан ёзги турар жой, рус банялари, кўнгил очиш ва дам олиш учун бошқа бинолар ўрин олган.

“Дача” ҳудудида нималар бор?

Тўрт қаватли асосий бинонинг майдони 3,5 минг квадрат метрни ташкил қилади. Асосий бино атрофида эса ҳаммом, ресторан ва алоҳида пиво ичиш учун қовоқхона мавжуд. Бундан ташқари, “дача” ҳудудидан болалар майдончаси ва черков ўрин олган. 

“Асосий сир”

КҚФ маълумотларига кўра, “Путиннинг Валдайдаги асосий сири” бош бинодан 350 метр юқорида яширинган. Бу – уч қаватдан иккитаси ер остида бўлган, 7 минг квадрат метр майдонга эга уй. 

Ушбу мажмуада соларюм, косметология хоналари, бассейн, массаж ванналари, лой терапия хонаси ва стоматология кабинети мавжуд. Бошқа қанотда 25 метрли сузиш ҳавзаси, ҳаммом ва сауна жойлашган.

Мажмуанинг нархи қанча?

КҚФга кўра, Путиннинг дўсти Ковальчук буларнинг барчасига ўзининг “Прайм” фирмаси орқали эгалик қилади. Ижара ҳаққидан ташқари, унинг бошқа даромади йўқ. Ушбу фирманинг 2019 йилдаги даромади 312 миллион, 2018 йиллагиси эса 304 миллион рублни ташкил қилган. Сўнгги ўн йил ичида бу фирма 2,7 миллиард рубль ишлаб топган.

Эслатиб ўтамиз, бу Путинга тегишли, деб айтилаётган биринчи қимматбаҳо мажмуа эмас. Бунга қадар Навальний жамоаси Геленжик яқинида, Қора денгиз соҳилида жойлашган сарой ҳақида ҳам суриштирув фильмини эълон қилганди. Бундан ташқари, “Проект” лойиҳаси ҳам Қримда жойлашган “Глициния” қасрининг Путинга тегишли экани тўғрисида фильм ишлаганди.

Шундан сўнг, поссовет ҳудудида Президент ва давлат раҳбарларига тегишли шундай сарой ва қасрлар ҳақида фильм ишлаш “тренд”га кирди. 

Жумладан, Беларусь мухолифатининг вакиллари Александр Лукашенконинг бойлиги ҳақида фильм ишлаган. Ушбу фильмда Президентга тегишли деб, айтилган бир қанча саройлар ҳақида сўз боради.

Ўзбекистонда ҳам юқоридаги ҳолатларга ўхшаш сиёсий ахборот тарқалди. Унда “Шоввозсой” дам олиш маскани гўёки Президент Мирзиёевга тегишли экани айтилган. Шундан сўнг, ушбу ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” сўнгра Президентнинг ўзи муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний 88 кундан бери қамоқда. Унинг озодликда юрган жамоаси эса янги норозилик намойишларига тайёргарлик кўрмоқда

Бунинг учун мухолифат “Навальнийга озодлик“ номли махсус веб-сайт очди. Ушбу сайтда митингларда қатнашиш истагини билдириб, 500 минг киши рўйхатдан ўтганда намойишлар бошланади. Ҳозирга қадар, намойишга чиқишга тайёр эканини маълум қилиб, ушбу сайтдан 440 000 га яқин россиялик рўйхатдан ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

312

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг