Навальнийнинг издошлари айёрона усул билан оломонни намойишга чақирмоқда

Олам 7836
image
-

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийнинг жамоаси янги норозилик намойишларига тайёргарлик кўрмоқда. Бунинг учун мухолифат “Навальнийга озодлик“ номли махсус веб-сайт очди. Ушбу сайтда митингларда қатнашиш истагини билдириб, 500 минг киши рўйхатдан ўтганда намойишлар бошланади.

“500 минг киши намойишда қатнашишга тайёрлигини билдириб, ушбу веб-сайтда рўйхатдан ўтса, митинглар бошланишини эълон қиламиз“, дейилади махсус сайтда.

Шунингдек, сайтда Путин Навальнийни ўлдиришга урингани ҳақида сўз боради.

“Путин Навальнийни ўлдирмоқчи бўлди. Аммо Алексей омон қолди. Кейин Путин уни қамоққа ташлади. Агар сиз коррупция, репрессия ва сиёсий суиқасдларга қарши бўлсангиз, биз билан бирга Алексейни озод қилиш учун ҳаракат қилинг. Бунга эришишнинг асосий усули кўча митингларидир“, дейилади веб-сайтда.

Ушбу сайтда интерактив харита мавжуд бўлиб, унда қайси шаҳардан қанча одам намойишга чиқишга тайёрлиги ҳақида маълумот берилган. 

Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚФ) директори Иван Ждановнинг айтишича, улар митингга ҳақиқатан 500 минг киши келади, деб кутмоқда. Навальний штаб-квартираси раҳбари Леонид Волков эса акцияда рўйхатдан ўтгандан кўра кўпроқ одам қатнашишига ишонмоқда.

“Кимдир рўйхатдан ўтади, лекин [намойишга] чиқмайди, кимдир чиқади, лекин ёзилмайди. Умид қиламизки, одамлар ортиғи билан рўйхатдан ўтади. Биз Навальний учун митингга ҳақиқатан 500 минг киши чиқади, деб кутмоқдамиз“, дейди КҚФ директори Иван Жданов.

Маълум бўлишича, “Навальнийга озодлик!“ тарғибот веб-сайтида аллақачон, 250 мингга яқин киши рўйхатдан ўтган. Сиёсатчининг жамоаси 11 мингдан зиёд рўйхатдан ўтган ботларни ўчириб ташлаган. Рўйхатдан ўтганларнинг катта қисми Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари ҳамда Москва, Свердловск вилоятлари ва Краснодар ўлкасига тўғри келади.

Сўнгги марта Навальний жамоаси 14 февраль куни “Севги қўрқувдан кучли” шиори остида флешмоб ўтказган эди. Панжара ортида қолаётган Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган акцияда жуда кам сонли иштирокчи қатнашган.

Эслатиб ўтамиз, Россия мухолифати раҳбари ҳамда Путиннинг ашаддий танқидчиси ҳисобланган Навальний жорий йилнинг январь ойида Ватанига қайтиши биланоқ ҳибсга олинди ва кейинрок 2,5 йилга қамалди.

Мухолифатчига нисбатан 2 марта суд ҳуқми ўқилган: Москванинг Симоновск суди Алексей Навальнийнинг “Ив Роше” иши бўйича шартли ҳукмини ҳақиқий жазо билан алмаштирди ва у 2,5 йилни колонияда ўтказадиган бўлди, шунингдек, суд Иккинчи Жаҳон уруши фахрийсига қарши туҳмат ҳолати бўйича Навальнийга 850 минг рубль миқдорида жарима ҳам солди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 244
Рейтинг: 3
t
×