НАТОнинг Арктика флоти Россияникидан 10 йил ортда қолган – “Reuters”
Олам
−
03 Июль 2023
10048Арктика минтақасидаги НАТО ҳарбий-денгиз кучлари ҳарбий техника жиҳатидан Россиядан 10 йил орқада. Бу ҳақда бугун, 3 июль куни Финляндия халқаро муносабатлар институти маълумотларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Институт раҳбари Саму Пауккуненнинг сўзларига кўра, Россия Украинада олиб бораётган урушга қарамай, Шимолий флотнинг денгиз таркибий қисми ва стратегик бомбардимончи самолётлари ўз ҳолича қолмоқда. Унинг таъкидлашича, Россия Арктикада ҳарбий ва гибрид салоҳиятини фаол оширмоқда.
Айтилишича, НАТО Швециянинг альянсга кириши шимолий минтақадаги позицияларини тенглаштириши мумкин, деб ҳисобламоқда.
“Агар Германия бошчилигидаги ҳамда Финляндия ва Швеция иштирокидаги барча кучларни ҳисобга оладиган бўлсак, бу Болтиқ денгизидаги кучлар мувозанатини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин. Шунда Россиянинг Болтиқбўйи флоти учун эркин режимда ишлаши қийинроқ бўлади, аммо бу НАТО учун муаммо туғдириши мумкин", дейди Халқаро стратегик тадқиқотлар институти аъзоси Ник Чайлдс.
Маълумот учун, Финляндия шу йилнинг 4 апрелида Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлган. Бундан олдин у Швеция билан биргаликда 2022 йилнинг май ойида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган, бироқ Туркия Курдистон ишчилар партиясини террорчи ташкилот деб эълон қилишни ва 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда айбланган шахсларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнига тўсқинлик қилган. Швеция НАТОга аъзо бўлиш бўйича маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Шимолий флоти Арктика зонасида бир қатор машғулотлар ўтказишга тайёрланаётганини маълум қилган эди. АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари штаб бошлиғи, адмирал Майкл Гилдай ҳам Пентагон глобал рақобат майдонига айланиб бораётган Арктикага кўпроқ эътибор қаратмоқчи эканини ва у ерда халқаро ҳарбий машғулотлар ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирганди.