НАТО Украинага ёрдамни кўпайтиришни ваъда қилди

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бугун, 28 февраль куни Владимир Зеленский билан телефон орқали гаплашди. Унда Альянс Украинага ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдам беришни кучайтириши айтилди. Бу ҳақда Столтенберг маълум қилди.  

“Мен ҳозиргина Президент Зеленский билан гаплашдим ва Украина халқи ҳамда қуролли кучларининг жасорати учун миннатдорлик билдирдим. НАТО иттифоқчилари ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари, танкга қарши қуроллар, шунингдек, гуманитар ва молиявий ёрдам беришни кучайтирмоқда”, дейди Столтенберг. 

Столтенберг бундан олдин ҳам Украинага танкга қарши ва ҳаво ҳужумига қарши тизимлар ҳамда ўқ-дорилар етказиб бериш ҳажми кўпайганини маълум қилган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг