НАТО Россияга қарши уруш сценарийси асосида йирик ҳарбий машғулотларини бошламоқда

Олам

image

Бугун, 22 январь куни Шимолий Атлантика альянси сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик тўрт ойлик машғулот – “Steadfast Defender 2024”ни бошлайди. Унга 90 мингга яқин ҳарбий жалб этилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Машғулотлар сценарийсига кўра, Россия альянсга аъзо давлат ҳудудига ҳужум қилади ва НАТО жамоавий мудофаа шартномасининг 5-моддасини ишга туширади, яъни Россия ва НАТО кучлари тўқнашади. 

“Steadfast Defender 2024”да НАТОга аъзо барча давлатлар ва альянсга киришга номзод Швеция иштирок этади. Машқларда самолёт ташувчилардан тортиб эсминецларгача бўлган 50 дан ортиқ кемалар, шунингдек, 80 дан ортиқ қирувчи самолётлар, вертолётлар ва дронлар, камида 1100 та жанговар машина, шу жумладан 133 та танк ва 533 та пиёда жанговар машинасидан фойдаланилади. Май ойи охиригача давом этадиган манёврлар Европа ҳудудини Норвегиядан Руминиягача қамраб олади.

Маълумот учун, бугунга қадар сўнгги ўн йилликларнинг энг йирик манёврлари 2018 йилда 50 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этган Trident Juncture ҳисобланган. 1988 йилда эса НАТО 125 мингдан ортиқ аскарни қамраб олган сўнгги жуда катта кўламдаги машқларни ўтказган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bild” нашри Германия Қуролли кучларининг яширин ҳужжатига таяниб, 2025 йилнинг ёзида НАТО ва Россия ўртасидаги уруш бошланишини прогноз қилганди. НАТО стратегик алоқалар маркази директори Янис Сартс эса “Bild”нинг мақоласида альянс имкониятларини синаб кўриш учун “хаёлий вазият” билан машғулотлар сценарийси тасвирланганини маълум қилди. Эстония Бош вазири Кая Каллас Россия 3-5 йил ичида НАТО давлатларининг шарқий қанотига жиддий таҳдид солишини айтган бўлса, Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Россия 10 йилдан камроқ вақт ичида НАТОга ҳужум қилиши мумкинлигини маълум қилди

18 январь куни Брюсселда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида альянс Ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр ва Европадаги иттифоқчи кучлар олий қўмондони Кристофер Каволи НАТО Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тайёр эканини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Steadfast Defender 2024

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг