Эстония Бош вазири НАТО ва Россия ўртасида уруш бўлишини башорат қилди
Олам
−
16 Январь
6881Эстония Бош вазири Кая Каллас Россия 3-5 йил ичида яна НАТО давлатларининг шарқий қанотига жиддий таҳдид солишини айтди. Бу ҳақда у “The Times” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
"Бизнинг разведка маълумотларига кўра, бунинг учун уч йилдан беш йилгача вақт керак бўлади. Бу кўп жиҳатдан бирдамлигимизга ва Украина бўйича позициямизни қандай сақлаб қолишимизга боғлиқ", дейди Каллас.
Унинг айтишича, Эстония Ташқи разведка хизмати ҳисоботида Россия Болтиқбўйи мамлакатларини блокнинг “энг заиф қисми” деб ҳисоблаши ва уларга қарши душманона ҳаракатлар қилиши эҳтимоли юқори экани баён қилинган.
"Болтиқбўйи мамлакатлари нуқтаи назаридан, Россия ҳали ҳам бизнинг минтақамизга ҳақиқий ҳарбий босим ўтказиш учун етарли кучга эга", дейди Бош вазир.
Шу муносабат билан, у НАТОни Совуқ уруш услубидаги Россияни "ушлаб туриш" стратегиясини қабул қилишга чақирди. Шимолий Атлантика альянси бу борада дуч келиши мумкин бўлган муаммолар қаторида Эстония Бош вазири қурол-яроғ тақчиллиги ва кўп сонли қўшинни жадаллик билан фронт чизиғига жойлаштириш қийинлигини келтирди.
Шунингдек, Каллас Ғарб давлатларидан Россияга ҳал қилувчи зарба бериш учун Украинага ҳарбий ёрдамни икки баравар оширишни талаб қилди. Унинг фикрича, бу Россиянинг ҳудудий амбицияларини орқага суради.
“Эстония халқи ғалабагача Украинани қўллаб-қувватлайди. Бу барчамиз учун жуда муҳим”, дея таъкидлади Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bild” нашри Германия Қуролли кучларининг яширин ҳужжатига таяниб, 2025 йилнинг ёзида НАТО ва Россия ўртасидаги уруш бошланишини прогноз қилганди. НАТО стратегик алоқалар маркази директори Янис Сартс эса “Bild”нинг мақоласида альянс имкониятларини синаб кўриш учун “хаёлий вазият” билан машғулотлар сценарийси тасвирланганини маълум қилди.
LiveБарчаси