Германия Мудофаа вазири Россия қачон НАТОга ҳужум қилиши мумкинлигини айтди

Олам

image

Россия армияси НАТОга аъзо давлатларга 10 йилдан камроқ вақт ичида ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 19 январь куни Германия Мудофаа вазири Борис Писториус “Der Tagesspiegel” нашрига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Россиянинг Шимолий Атлантика альянсига ҳужум қилиши эҳтимолдан йироқ. Бироқ беш-саккиз йил ичида бундай қўрқувлар ҳақиқатга айланиши мумкин.

“Биз деярли ҳар куни Кремлдан таҳдидларни эшитамиз. Охирги пайтларда Болтиқбўйи мамлакатларидаги дўстларимизга "отилаётган тошлар"га дуч келяпмиз. Шунинг учун биз Путин кун келиб, НАТО давлатига ҳужум қилиши мумкинлигини ҳисобга олишимиз керак. Мутахассисларимиз буни беш-саккиз йил ичида амалга ошишини тахмин қилмоқда”, дейди Писториус.

Мудофаа вазири ўз баёноти билан “жамиятни уйғотмоқчилигини” ва Германия Қуролли кучларини ушбу сценарийга тайёр бўлишга чақиришини қўшимча қилди.

Маълумот учун, Литва Президенти Гитанас Науседа ҳам Ғарб Украинани Россия ҳужумига қарши туришда қўллаб-қувватлашдан бош тортса, Россиянинг Литва ва НАТОга нисбатан тажовузкорлиги сезиларли даражада ошиши мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bild” нашри Германия Қуролли кучларининг яширин ҳужжатига таяниб, 2025 йилнинг ёзида НАТО ва Россия ўртасидаги уруш бошланишини прогноз қилганди. НАТО стратегик алоқалар маркази директори Янис Сартс эса “Bild”нинг мақоласида альянс имкониятларини синаб кўриш учун “хаёлий вазият” билан машғулотлар сценарийси тасвирланганини маълум қилди. Эстония Бош вазири Кая Каллас эса Россия 3-5 йил ичида яна НАТО давлатларининг шарқий қанотига жиддий таҳдид солишини айтди.

Кеча, 18 январь куни Брюсселда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида альянс Ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр ва Европадаги иттифоқчи кучлар олий қўмондони Кристофер Каволи НАТО Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тайёр эканини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Германия Мудофаа вазири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made