НАТО раҳбари Россияни очиқ уруш олиб боришда айблади

Олам

image

НАТО Бош котиби Марк Рютте Россия узоқ вақтдан бери НАТО давлатларига қарши яширин эмас, балки очиқ уруш олиб бораётганини айтди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.

Марк Рютте Брюселда хавфсизлик мутахассислари олдида нутқ сўзлар экан, “ёндашувни ўзгартириш” ва “ҳарбий тафаккур”га ўтиш зарурлигини таъкидлади, чунки бу Европада дронлар ёрдамида амалга оширилиши мумкин бўлган ҳужумларга тайёр туриш имконини беради.

Американинг OBSE’даги делегацияси тақдим этган ҳисоботга кўра, Украинадаги уруш бошланганидан буён Россия НАТО мамлакатлари ҳудудида тахминан 150 та ҳужумни амалга оширган. Буларга темирйўллар, касалхоналар, авиациядаги GPS тизимлари ва сув таъминоти объектларига қилинган киберҳужумлар киради. Ҳисоботда, шунингдек, хакерлик, саботаж, ҳарбий объектлар ва сувости инфратузилмасига таҳдидлар ҳақида ҳам маълумот берилган.

“Махсус эътибор танқидий инфратузилма ҳужумларига қаратилган. Масалан, 2024 йилда Руминиядаги йирик касалхоналар ва АҚШдаги дорихоналар хакер ҳужумлари сабабли ишламай қолган, Европада эса GPS сигналининг узилишлари қайд этилган. Россия, шунингдек, Болтиқ денгизидаги сувости кабелларига саботаж қилишда гумон қилинмоқда, бу эса алоқа ва маълумот узатиш тизимларига таъсир кўрсатган”, дейилади хабарда.

Киберҳужумлардан ташқари, ҳисоботда жисмоний зўравонлик ва суиқасдлар ҳақида ҳам сўз юритилган. Италияда Мудофаа вазирини ўлдиришга мўлжалланган фитна фош этилган, Германия ва АҚШда эса мудофаа саноати билан боғлиқ компаниялар раҳбарларига ҳужум қилиш режалари аниқланган. Шунингдек, Россия Европа Иттифоқи давлатлари чегараларида нотинчлик яратиш учун миграция инқирозидан фойдаланганликда айбланмоқда. Ҳужжатда Россия пропагандаси ва сайловларга аралашиш ролига ҳам алоҳида урғу берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте Россия ва Эрон Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад жиноятларига шерик экани ва режимнинг қулаши ушбу икки давлатнинг “ишончсиз шериклар” эканини кўрсатганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made